Нью-Йоркда Хитойнинг Huawei технологик гиганти устидан жиноий суд жараёни бошланмоқда
Нью-Йоркда Хитойнинг Huawei технологик гиганти устидан жиноий суд жараёни бошланмоқда. АҚШ адлия органлари компанияни бир неча йил давомида рақобатчиларнинг технологиялари ва тижорий сирларини қўлга киритишда айбламоқда. Huawei эса қўйилаётган айбловларни рад этмоқда.
Иш бўйича энг шов-шувли эпизодлардан бири АҚШнинг T-Mobile компаниясига тегишли бўлган Tappy номли синов роботи билан боғлиқ. Тергов маълумотларига кўра, Huawei ходимлари роботни яширинча суратга олган ва унинг айрим қисмларини ўлчаган.
2013 йилда Huawei ходимларидан бири Tappy роботининг қўл қисмларидан бирини ноутбук сумкасига солиб, лабораториядан олиб чиққан. Айтилишича, у қисмни қайтаришдан олдин унинг суратлари ва ўлчов натижаларини Huawei муҳандисларига етказган.
Яна бир эпизод технологик кўргазмалардан бирида содир бўлган. Тергов маълумотларига кўра, кўргазма якунланганидан сўнг Huawei ходими рақобатчи компания стенди ёнида ушланган. У ерда у намойиш этилган қурилманинг ички тузилишини суратга олган.
Бундан ташқари, АҚШдаги бир компания ушбу шахсга синов ўтказиш учун махфий технология тақдим этган. Компания ходимнинг Huawei билан алоқаси борлигини билмаган. Айбловга кўра, синов натижалари кейинчалик Huawei вакилларига етказилган.
АҚШ прокуратураси Huawei рақобатчилар ҳақида маълумот тўплаган ходимларни моддий рағбатлантирганини ҳам таъкидламоқда. Терговчиларнинг маълум қилишича, махфий маълумотлар махсус электрон почта манзилига шифрланган кўринишда юборилган. Айниқса қимматли маълумот тақдим этган ходимларга эса ҳар ой қўшимча мукофотлар берилиши мумкин бўлган.
Агар суд Huawei’ни айбдор деб топса, компанияга катта миқдорда жарима солиниши мумкин. Шунингдек, АҚШ ҳукумати компания активларини мусодара қилиш ҳуқуқидан ҳам фойдаланиши эҳтимол. Жариманинг аниқ миқдори ҳозирча белгиланмаган.
Айни пайтда Нью-Йоркда суд жараёни учун ҳакамлар ҳайъатини танлаш бошланмоқда. Huawei эса ўзининг айбсизлигини таъкидлаб, АҚШ томонининг айбловларига қарши чиқмоқда.
Мазкур иш АҚШ ва Хитой ўртасида технология соҳасидаги рақобат кескинлашиб бораётган бир пайтда бошлангани билан ҳам эътиборли. Суд қарори Huawei’нинг АҚШдаги фаолияти ва икки давлат ўртасидаги технологик муносабатларга таъсир қилиши мумкин.
