Муборак газни қайта ишлаш заводида янги лойиҳа ишга тушди
Муборак газни қайта ишлаш заводи 50 йилдан ортиқ вақт давомида табиий газни қайта ишлаш билан шуғулланиб келмоқда.
Заводга хомашё гази “Муборак нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармаси”, “Natural Gaz Stream” МЧЖ ҚК, “New silk road oil & gas” МЧЖ ҚК, “Sanoat Energetika Guruhi” МЧЖ ХК ва “ЛУКОЙЛ” МЧЖ компанияларига қарашли газ конларидан етказиб берилмоқда.
Завод табиий газни олтингугуртли бирикмалардан тозалаш ва қуритиш, барқарорлашган газ конденсати, суюлтирилган газ ишлаб чиқариш ҳамда техник олтингугурт ишлаб чиқариш учун мўлжалланган.
Табиий газ таркибида олтингугурт бирикмаси бўлган газлар абсорбцион усулда тозаланади ва ушбу газлар пропанли паст ҳароратли сепарациялаш технологик тармоқлар ҳамда табиий газдан пропан-бутан аралашмаларини ажратиб олиш қурилмаларида қуритилиб истеъмолчиларга етказиб берилади.
Газни тайёрловчи қурилмалардан ажралиб чиққан нордон газ таркибидан “Клаус” усулида олтингугурт ажратиб олиш технологик тармоқларга юборилади, бу қурилмаларда олтингугурт маҳсулоти ишлаб чиқарилади.
Заводда мавжуд олтингугурт ажратиб олиш 1-5 технологик тармоқлари 1973-1980 йиллар давомида фойдаланишга топширилган бўлиб, бугунги кунда қурилмалар ўртача 50 йилдан ортиқ вақт мобайнида ишлатилиб келинмоқда.
Газни қайта ишлаш нефтгаз кимё аппаратлари, қувур арматуралари ҳамда жараёнларни автоматик бошқарув тизими моддий-маънавий жиҳатдан эскирганлиги инобатга олиниб, илмий-техник институтлар томонидан ишлаб чиқилган техник хулосаларга асосан Муборак газни қайта ишлаш заводи 5-сонли цехи олтингугурт олиш қурилмалари ҳудудида “КЛАУС” усулида 60 миллиард сўмдан зиёд маблағ эвазига олтингугурт ажратиб олиш 6-сон янги қурилмасини ишга тушириш лойиҳаси амалга оширилди.
Мазкур технологик қурилмани қуриш ва ишга тушириш билан ишлаб чиқариш барқарорлиги таъминланади. Биринчи навбатда заводнинг узлуксиз ишлаш имкони яратилади. Яъни технологик регламентларга асосан 1-5 тармоқ қурилмалари узоқ муддатлардан бери ишлаётганлиги сабабли ҳар йили бир маротаба тўхтатиб таъмирлаш ишларини олиб бориш режалаштирилган. Ушбу қурилмаларни 1 донаси таъмирлашга тўхташи кунлик 2-3 миллион куб метр табиий газ қисқариши билан боғлиқ. Шунингдек 20-30 кун давомида амалга оширилади.
6-сон қурилмани ишга тушириш билан 1-5 тармоқ қурилмаларида бирин-кетин таъмирлаш ишлари олиб борилади ва куз-қиш мавсумида барқарор ва узлуксиз ишлаши таъминланади. Шу билан бирга йилига 128 миллион метр куб (соатига 16,0 минг м3) нордон газ қабул қилиш орқали, 72,5 минг тонна газ таркибидан олтингугурт ажратиб олинади ва юқори олтингугуртли табиий газ ҳажмлари қисқариши олди олинади.
