Миллий гвардия ваколатлари кенгаймоқда

Миллий гвардия ваколатлари кенгаймоқда

Айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бир қатор қонунлар иккинчи ўқишда депутатлар томонидан кўриб чиқилиши учун маромига етказилаётган бўлса, қонун ташаббуси ҳуқуқига эга субъектлар томонидан киритилган яна айрим қонун лойиҳалари биринчи ўқишда муҳокама қилиш учун масъул қўмиталар томонидан тайёрланмоқда, деб ёзади Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Алишер Ҳамроев.

Қайд этилишича, улардан бири “Қўриқлаш ва назорат-лицензиялаш фаолиятининг такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бўлиб, у Вазирлар Маҳкамаси томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритилди.

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси таркибига, муқаддам Ички ишлар вазирлиги таркибида бўлган Қўриқлаш Бош бошқармаси ва унинг бўлинмалари, Патруль-пост хизмати ва Жамоат тартибини сақлаш Бош бошқармаси, Хорижий давлатлар дипломатик ваколатхоналарини қўриқлашни таъминлаш бўйича алоҳида батальони, Назорат-рухсат бериш фаолияти бўлими ўтказилди ва бу ўз навбатида Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритишни талаб этади.

Лойиҳа қонун ташаббускори томонидан қуйи палатага киритилганидан сўнг Мудофаа ва хавфсизлик маcалалари қўмитаси томонидан соҳага оид амалдаги қонун нормалари ўрганилди, экспертлар ва мутахаcсислар фикр-мулоҳазалари олинди ва қонун лойиҳаси биринчи ўқишга тайёрланди.

Лойиҳа билан Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси (ходими)нинг ҳуқуқбузарликлар олдини олиш йўналишидаги вазифалари, уларнинг мажбурият ва ваколатлари белгиланмоқда.

Айни пайтда қонун лойиҳаси барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлик гуруҳига тақдим этилган бўлиб, улар томонидан билдирилган таклиф ва мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда, Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида биринчи ўқишда кўриб чиқилиши режалаштирилган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!