Мажбурий ижро бюроси янги босқичга ўтмоқда

Мажбурий ижро бюроси янги босқичга ўтмоқда

Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари авваламбор, қонун устуворлигини таъминлаш орқали халқимизнинг ҳуқуқларини ҳимоялашни мақсад қилган!

Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси (МИБ) органлари суд ҳамда бошқа орган ҳужжатларининг ижро этилишини ва амалда одил судловни таъминлайди.

МИБ органлари ташкил этилганидан буён ҳозирга қадар 51 трлн. сўмлик ҳужжатларнинг ижроси таъминланиб, ундирув миқдори 64  фоизга ошди.

Бугунги кунда, ижро ҳужжатларининг ягона электрон базаси тўлиқ ишга туширилди.

Ягона идоралараро электрон ҳамкорлик тизими орқали 32 та ташкилотлар билан ахборотлар интеграция қилинмоқда.

Бу борадаги ишларни жадаллаштириш билан бирга, мавжуд камчиликларни ҳам бартараф этиш муҳим масала бўлиб қолмоқда.

Маълумки, жорий йилнинг 17 ноябрь куни Давлатимиз раҳбари Муҳтарам Шавкат Миромонович Мирзиёев раислигида суд ҳужжатлари ижро этиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Танқидий руҳда бўлиб ўтган йиғилишда Мажбурий ижро бюросига бир қатор аниқ ҳамда муҳим топшириқлар берилди.

24 ноябрь куни эса, “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон имзоланди.

Бу Фармон МИБ органларининг фаолиятини тартибга солиш ва самарадорлигини мустаҳкамлашга қаратилган муҳим ҳужжат ҳисобланади.

Хусусан, тарихан қисқа вақт ичида ижро ишини юритиш соҳасида МИБ томонидан 50,9 трлн. сўм амалда ундирилиб, бу кўрсаткич ўтган йилларнинг мос даврига (31 трлн.) нисбатан 19,9 трлн. сўмга ёки 64 фоизга ошган.

Олиб борилган кенг қамровли тушунтириш ишлари натижасида қарийб 17 мингта оилалар яраштирилишига эришилди.

Халқаро ҳамкорлик масалалари янада яхшиланди.

Аввалги тизимдан фарқли ўлароқ, МИБ халқаро майдонда ҳам ўз ўрнига эга бўлмоқда.

Жумладан, МИБ 2018 йилда Суд ижрочилари халқаро иттифоқининг уюшган аъзолигига қабул қилинди.

Россия, Қирғизистон, Тожикистон ва бошқа давлатлар ижро хизматлари билан икки томонлама манфаатли алоқалар ўрнатилди.

Ушбу қабул қилинган ҳужжат билан эндиликда, ижро ҳаракатларини масофавий олиб борадиган 15 та туманлараро ихтисослашган бўлимлар фаолияти йўлга қўйилмоқда.

Мол-мулкларнинг сотилишида аҳолига яна ҳам қулайлик яратиш учун  хатланган мол-мулкларнинг электрон назорат қилиш тизими жорий этилмоқда.

Доимо долзарб бўлган алимент ишлари вояга етмаган болаларнинг келажаги билан боғлиқдир.

Шу боис, 2021 йилдан бошлаб алимент пулларини ҳисоблаш ва тўлаш устидан автоматлаштирилган назорат тизими йўлга қўйилади.

Бу эса, алиментларнинг ундирувчиларга ўз вақтида тезкор равишда етказилишини таъминлайди.

Келиб тушаётган эътироз ва таклифлар, шунингдек МИБ ходимларининг касбий этикаси ва маданиятини ошириш, зиддиятли вазиятларнинг олдини олиш бўйича махсус курсларда ўз кўникмаларини ошириб боришади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!