Коррупциявий хавф-хатар даражаси юқори давлат органлари ва ташкилотлари аниқланди

Мамлакатимизда давлат органлари ва ташкилотларининг коррупцияга қарши курашиш борасидаги фаолиятини такомиллаштириш доирасида уларга юкланган вазифа ва функцияларни амалга оширишда коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш тизими изчил жорий этилмоқда.
Шу билан бирга, Янги Ўзбекистон шароитида коррупциявий омилларни аниқлаш, баҳолаш ва бартараф этиш жараёнида тегишли соҳаларни рақамлаштириш ва таъсирчан жамоатчилик назоратини йўлга қўйишга эътиборни янада кучайтириш зарурати вужудга келгани сабабли давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 11 майдаги “Давлат бошқаруви соҳасида коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этиш механизмларини такомиллаштириш ва ушбу соҳада жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида қарори” билан «Е-Антикоррупция» лойиҳаси ишга туширилди.
Мазкур қарор давлат бошқаруви соҳасида коррупциянинг олдини олиш юзасидан давлат органлари томонидан ўз функцияларини амалга оширишда коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш ва бартараф этиш тизимини янги босқичга олиб чиқиш мақсадида шунингдек, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясига мувофиқ қабул қилинган.
Қарор ижроси доирасида давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ўз фаолиятидаги функцияларда коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш ишлари амалга ошириб келинмоқда.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборот хизматидан маълум қилишларича, бу йил коррупциявий хавф-хатарларни баҳолашдан ўтказиш юзасидан электрон платформага юборилган маълумотлар асосида 121 давлат ташкилоти фаолиятидаги 6 минг 123 функцияда коррупциявий хавфлар баҳоланди.
Коррупциявий хавф-хатар даражаси «юқори» ва «ўрта» бўлган 2 минг 219 функцияда хавф-хатарларни бартараф этиш ёки минималлаштириш мақсадида тегишли чоралар белгиланди.
Қайд этиш ўринлики, коррупциявий хавф-хатар даражаси “юқори” деб топилган ташкилотлар ичида Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси, Атом энергияси агентлиги, Миграция агентлиги каби ташкилотлар бор.
Баҳолаш якунлари бўйича давлат ташкилотларининг Коррупцияга мойил бўлган муносабатлар электрон реестри, Коррупциявий хавф-хатарлар хариталари, Коррупцияга қарши курашиш бўйича дастурлар ва Коррупциявий хавф-хатар юқори бўлган лавозимлар рўйхати шакллантирилди.
Таъкидлаш лозимки, давлат ташкилотларининг раҳбарлари ташкилот зиммасига юкланган функцияларда коррупциявий хавф-хатарларни баҳолашни ўз вақтида ва сифатли ўтказиш учун шахсан жавобгар саналади.
Айтиб ўтиш керакки, коррупциявий хавф-хатар юқори функциялари кўп бўлган ташкилот "энг коррупциялашган", коррупциявий хавфи юқори бўлган лавозимдаги шахслар «коррупционер» ёки аксинча коррупциявий хавф-хатари асосан «паст» бўлган ташкилотлар "коррупциядан холи" ҳисобланмайди.
Мақсад битта – коррупция билан боғлиқ хатарларни ўз вақтида аниқлаш ва уларни бартараф этиш.