ЖССТ маймунчечакка қарши биринчи вакцинани тасдиқлади

ЖССТ маймунчечакка қарши биринчи вакцинани тасдиқлади

Дания ишлаб чиқарувчиси Bavarian Nordic A/S компаниясининг MVA-BN вакцинаси Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) дастлабки квалификациясидан ўтди ва маймунчечакка қарши биринчи дори бўлди, дейилади ЖССТ сайтидаги хабарда.

MVA-BN вакцинаси 18 ёшдан ошган одамларга тўрт ҳафталик интервал билан икки дозада инъекция сифатида берилиши мумкин. Музлатгичдаги дастлабки сақлашдан сўнг, вакцина саккиз ҳафта давомида +2 …+8 даража ҳароратда қолдирилиши мумкин.

«Маймунчечакка қарши вакцинанинг дастлабки квалификацияси Африкадаги ҳозирги эпидемиялар шароитида ҳам, келажакда ҳам ушбу касалликка қарши курашимиздаги муҳим қадамдир. Биз ҳозир зудлик билан бу вакциналар энг зарур бўлган жойларда адолатли тақсимотни таъминлаш учун вакциналарни харид қилиш, хайрия ва фойдаланиш масштабини кенгайтиришимиз керак…», — деди ЖССТ раҳбари Тедрос Адҳаном Гебрейесус.

MVA-BN ҳали 18 ёшгача бўлганлар учун лицензияланмаган бўлса-да, вакциналаш фойдалари потенциал хавфлардан устун турадиган вазиятда у чақалоқлар, болалар ва ўсмирларда, шунингдек, ҳомиладор аёллар ва иммунитет танқислиги бўлган одамларда «ёрлиқдан ташқари» (фармацевтика препаратларини тасдиқланмаган кўрсатмалар ёки ёш гуруҳи бўйича қўллаш — таҳр.) қўлланиши мумкин, дейилади баёнотда.

ЖССТга кўра, маълумотлар MVA-BN'нинг инфекция манбаси билан контактдан олдинги бир марталик дозаси маймунчечакдан ҳимоя қилишда 76 фоиз самарадорликка эгалиги, икки дозада эса тахминий самарадорлик 82 фоизга етишини кўрсатмоқда.

Маймунчечак — бу Orthopoxvirus жинсига мансуб маймунчечак вируси келтириб чиқарадиган касаллик. Маймунчечак вирусининг иккита генетик кладаси мавжуд: I ва II клада.

Одатий симптомлар тери тошмаси ёки шиллиқ пардаларнинг шикастланиши ҳисобланиб, улар икки-тўрт ҳафта давом этиши мумкин ва иситма, бош оғриғи, мушак ва бел оғриғи, заифлик ва лимфа тугунларининг шишиши билан кузатилади.

Одамлар маймунчечакни у билан касалланган одам, ифлосланган нарсалар ёки касал ҳайвонлар билан жисмоний алоқа қилиш орқали юқтириб олиши мумкин.

Маймунчечак касаллиги одамда илк бор 1970 йилда Конго Демократик Республикасида (КДР) қайд этилган. Инфекция Марказий ва Ғарбий Африкада эндемик ҳисобланади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!