Жиззахдаги Зомин тоғларида юз берган ёнғин юзасидан жиноят иши қўзғатилди

Жиззахдаги Зомин тоғларида юз берган ёнғин юзасидан жиноят иши қўзғатилди

Жиззах вилоятининг Зомин тумани «Дуоба» қишлоқ фуқаролар йиғини Ўриклисой қишлоғи яқинидаги ўрмон ҳудудларида 1 август куни йирик ёнғин юз берганди. Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновнинг «Дарё» сўровига асосан маълум қилишича, ҳолат юзасидан шу куни жиноят иши қўзғатилган.

Дастлабки тўпланган ҳужжатларга кўра, Ўриклисой қишлоғида жойлашган дам олиш маскани бирининг атрофида ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинмасдан қурилиш-монтаж ишлари олиб борилаётганда ёнғин келиб чиқиб, арча ва бошқа ўсимликлар ёниб нобуд бўлиб, Зомин Миллий табиат боғига жуда кўп миқдорда зарар етишига сабаб бўлган.

Мазкур ҳолат юзасидан 1 август куни Жиззах вилояти прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 198 (экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш) ва 259-моддалари (ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

«Ҳозирда Бош прокуратура томонидан жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Терговга аралашиш ва тўсқинлик қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида бошқа тафсилотлар ошкор қилинмайди», — дейилади Бош прокуратура тақдим этган маълумотда.

Эслатиб ўтамиз, 1 август куни соат, тахминан, 10:40 да бошланган ёнғин салкам саккиз соатдан сўнг ўчирилган. ФВВ маълумотларига кўра, 80 гектар майдонда қуруқ ўт ва дарахтлар ёнган. Оловни ўчиришга 1600 га яқин одам жалб этилган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!