Исроф, манманлик, орсизлик, уятсизлик

Исроф, манманлик, орсизлик, уятсизлик

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда исрофни қоралаб, шундай марҳамат қилган:

وَآتِ ذَا الْقُرْبَى حَقَّهُ وَالْمِسْكِينَ وَابْنَ السَّبِيلِ وَلاَ تُبَذِّرْ تَبْذِيراً إِنَّ الْمُبَذِّرِينَ كَانُواْ إِخْوَانَ الشَّيَاطِينِ وَكَانَ الشَّيْطَانُ لِرَبِّهِ كَفُوراً

“Қариндошга ҳаққини бер! Мискинга ва кўчада қолганга ҳам. Исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйма. Албатта, исрофчилар шайтонларнинг биродарлари бўлганлар. Шайтон эса, Роббига ўта ношукр бўлгандир” (Исро сураси, 26-27-оятлар).

Аллоҳ таоло бу оятда исрофчиларни шайтонларнинг биродарлари деяпти. Демак, исрофчилар саҳобалар, тобеинлар, табаа тобеинлар, ихлосли мўминларнинг эмас, балки шайтонларнинг биродарлари бўлар экан.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Енглар, ичинглар, садақа қилинглар, аммо исрофгарчилик ва фахрга ўтманглар” деб таъкидлайдилар. Имом Насоий ривоятлари.

Шариатимизда исроф қилиш қаттиқ қораланганини ҳис қилиб, исрофдан тийилиб, тежамкор бўлишимизни Аллоҳ таоло барчамизга насиб этсин!

Тўйхона пештоқининг икки тарафига келин-куёвнинг катта расмлари илинган. Ташриф буюрувчи эркакларнинг ўша расмга кўзи тушишини била туриб, бўлажак аёлининг расмини илишларига индамаган эркак жинсига мансуб мавжудотларнинг ҳамиятли, рашкли, мард эркак бўлишларини Аллоҳ таоло насиб этсин!

Келиннинг уйи олдига бориб, аёл-қизларга хос нозиклик ва назокат билан эгилиб-эгилиб “куёвсалом” қилаётган “эркак”ларга Аллоҳ таоло ор-номус берсин!

“Нега даданг менга италянский костюм-шим қилмай, ўзимизда чиққанини қилди?” деб келинга таъна қилаётган “ўғил бола”ларга Аллоҳ таоло фаросат берсин!

Тўйхона ташқарисидаги жиҳозлар, турли ясатиладиган чироқлар, шарлар, гуллар, пояндоз учун солинадиган қизил гиламлар ва ҳоказолар учун 2000-3000 доллар сарф қилаётганлар учун Аллоҳ таоло озгина ақл, фаҳм берсин!

Тўйхонада ҳамма қатори битта ош бериш ўрнига, битта товоқда уч хил - девзира, лазер ва яна бошқа навдаги гурунчда дамланган ош тарқатиб, мақтанчоқлик қилувчиларга Аллоҳ таоло ақл берсин!

Тўйида дастурхонни битта пиёла қўйишга жой қолмайдиган даражада тўлдириб, бошқа тўйларда топилмайдиган товус гўшти, чиғаноқ ва ҳоказоларни топиб қўядиган ва буларнинг ҳаммасини одамлар гапириши, машҳур бўлиш, мақтаниш, керилиш учун қиладиганларга Аллоҳ таоло камтарлик, синиқлик, тавозуъ неъматини ато этсин!

Manba: muslim.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!