Ҳукумат 2024-2025 йилларда қишлоқ хўжалиги ерлари унумдорлигини ошириш бўйича қарор қабул қилди
![Ҳукумат 2024-2025 йилларда қишлоқ хўжалиги ерлари унумдорлигини ошириш бўйича қарор қабул қилди Ҳукумат 2024-2025 йилларда қишлоқ хўжалиги ерлари унумдорлигини ошириш бўйича қарор қабул қилди](/photos/news/w5aR2MjDQHAdXNG.jpeg)
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Қишлоқ хўжалиги ерлари унумдорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, 2024-2025 йилларда пахта майдонларида тупроқ унумдорлиги ва ҳосилдорликни ошириш учун субсидия ажратиш тажрибаси ўтказиладиган туманлар руйхати;
пахта майдонларида тупроқнинг гумус миқдори ва унумдорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.
2024-2025 йилларда тажриба тариқасида субсидия ажратиладиган ердан фойдаланувчилар рўйхатини шакллантиришда қуйидаги мезонлар инобатга олинмайди:
ердан фойдаланувчиларнинг тижорат банклари ва солиқдан қарздорлиги мавжуд эмаслиги;
ердан фойдаланувчиларни солиқ хавфининг ўрта ва юқори даражасига киритилмаганлиги;
қишлоқ хўжалиги техникалари ва агрегатларини ердан фойдаланувчиларга мулк ҳуқуқи асосида тегишлиги.
2024 йил 1 майга қадар Жаҳон банкининг “Ўзбекистон Республикасида қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш” лойиҳаси грантлари ҳисобидан 6 500 гектарда кўргазмали майдонлар ташкил этилади.
Кўргазмали майдонларда қишлоқ хўжалиги мутахассислари ҳамда ердан фойдаланувчилар учун тупроқни органик моддалар билан бойитишга қаратилган самарали агротехника тадбирларидан фойдаланиш бўйича кўргазмали ўқув-семинарлари ўтказилиши йўлга қўйилади.
Мазкур қарорга мувофиқ 13 та туманда тупроқ унумдорлигини ошириш бўйича чора-тадбирларнинг бажарилиши жойига чиққан ҳолда доимий мониторинг қилиб борилади.
Қарорга мувофиқ, геоахборот тизимида тупроқнинг ҳайдов қатламидаги гумус миқдори бир фоиздан кам бўлган ер участкаларининг контурлар кесимидаги электрон харитаси шакллантирилади.
2024-2025 йилларда пахта майдонларида тупроқ унумдорлиги ва ҳосилдорликни ошириш бўйича агротехника тадбирлари ўтказилган ер участкалари ҳисоби юритилади.