Ҳашаротлар чақиши қандай асоратларга олиб келади?
Ёз ойларида қишлоқ жойларда яшовчилар, шунингдек, тоғ-тошлар бағрига саёҳатга чиққан кишиларда ҳашаротлар чақиши ҳолатлари кўп учрайди. Хўш, қайси ҳашаротлар чақишидан эҳтиёт бўлиш керак? Бунинг қандай асоратлари бор? Улардан сақланиш учун нима қилиш керак?
Бу масалалар ҳозир аҳоли орасида муҳим эканини ҳисобга олиб, Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Илмира Разикова билан шу мавзуда суҳбатлашдик.
— Мутахассисларнинг маълумотларига кўра, аллергик реакциялар кўпроқ ҳашаротлар чақишидан пайдо бўлади, — дейди И.Разикова — Ўз навбатида, ҳашаротлар синфи бир неча гуруҳга бўлинади: чивинлар, пашшалар, каналар, чақа оладиган капалак қуртлари, пардақанотлилар ва ҳоказо.
Улар чақишидан юзага келадиган аллергия — инсект аллергия деб аталади. Бу турдаги аллергик реакциялар кўпинча пардақанотли ҳашаротлар чақиши натижасида юзага келади.
Айрим ҳашаротлар чаққанда инсон организмига аллергеннинг ҳашарот заҳри билан кириши, чаққан пайтда сўлаги тушиши, ҳашарот танаси юқори қавати парчаларининг нафас йўлларига тушиши каби ҳолатлар кузатилади.
Ҳашаротларнинг қайси тури чақиши хавфлироқ?
— Пардақанотлиларнинг чақиши оғир реакцияларга сабаб бўлади. Бу гуруҳга асалари, ари, қовоқари (қизилари), тукли ари (тупроқ ариси) ва чумолилар киради.
Ҳашарот чаққанда заҳарнинг аллергик ҳамда токсик, яъни заҳарли таъсир кўрсатиши мумкинлигини эсдан чиқармаслик ва уларни ажрата билиш лозим.
❗️Токсик реакция ҳашарот кўп марта чақишида юзага келади.
❗️Биргина ҳашарот чаққандан кейин юз берадиган оғир реакция кўпроқ аллергик реакцияга хос.
Аллергик реакциялар ҳашаротларнинг танаси устки қавати парчалари нафас йўли орқали организмга тушганда ёки бемор териси орқали ҳашарот билан яқин контактда бўлганда, ринит ёки дерматит кўринишида юзага келиши мумкин.
