Ғайриоддий иссиқ Франциянинг машҳур пишлоқлари таъми ва ҳидига таъсир қилиши мумкин
2026 йил ёзида Францияда кузатилган бир неча кучли иссиқ тўлқинлари анъанавий пишлоқ ишлаб чиқарувчиларини қийин аҳволга солди. CNN маълумотига кўра, айрим фермерлар анъанавий пишлоқ турларини ишлаб чиқариш учун белгиланган талабларга риоя қилишда қийинчиликка дуч келган.
Бунинг асосий сабабларидан бири — иссиқ ҳаво чорва молларига таъсир қилаётгани ва яйловлардаги ўтларнинг қуриб қолишидир. Натижада сигирлар етарли озуқа билан таъминланиши учун фермерлар уларнинг рационига бошқа ем-хашак турларини қўшишга мажбур бўлмоқда.
Масалан, ўтган ёзда Франциядаги Salers пишлоғи ишлаб чиқарувчиларининг тўртдан уч қисмидан кўпроғи маҳсулот тайёрлашни вақтинча тўхтатган. Чунки ушбу пишлоқ фақат Франция жануби-шарқидаги тоғ яйловларида боқиладиган сигирлар сутидан тайёрланиши керак.
Маҳаллий яйлов ўтига кўпи билан 25 фоиз миқдорида бошқа ем-хашак — буғдой, арпа ёки сули қўшилиши мумкин. Бундан ташқари, қўшимча озуқа ҳам айнан шу ҳудудда етиштирилган бўлиши талаб этилади. Аммо кучли иссиқ ва қурғоқчилик ушбу талабларга риоя қилишни қийинлаштирган.
Натижада айрим пишлоқ ишлаб чиқарувчилар Salers ўрнига бошқа навларни тайёрлашга ўтган.
Пишлоқ ишлаб чиқариш соҳасида 35 йилдан буён ишлаб келаётган маҳаллий компания раҳбари Лоран Лурс вазият тобора оғирлашаётганини айтди. Унинг таъкидлашича, илгари яйловлардаги ўт муаммоси тахминан ҳар 15–20 йилда бир марта юзага келган бўлса, ҳозир бундай ҳолат қарийб ҳар икки йилда такрорланмоқда.
Франциянинг Миллий келиб чиқиш ва сифат институти (INAO) август ойида мамлакатдаги «тарихий қурғоқчилик» сабабли айрим пишлоқ турларини ишлаб чиқариш стандартларига вақтинча ўзгартишлар киритилишини эълон қилди.
Айрим пишлоқ ишлаб чиқарувчилар бу ўзгаришлар маҳсулотнинг таъми ва сифатига таъсир қилиши мумкинлигидан хавотирда. Чунки сигирларнинг озиқланиш таркиби сутнинг хусусиятларига, бу эса ўз навбатида пишлоқнинг таъми ва ҳидига таъсир қилиши мумкин.
Бироқ бошқа ишлаб чиқарувчиларнинг фикрича, ўзгаришлар якуний маҳсулот истеъмолчилари томонидан сезиларли даражада билинмаслиги мумкин.
Мутахассислар эса иқлим ўзгариши ва экстремал об-ҳаво ҳодисаларининг кўпайиши Франциянинг асрлар давомида шаклланган пишлоқ ишлаб чиқариш анъаналарига тобора катта таъсир кўрсатаётганини таъкидламоқда.
