ФВВ: Ёнғин хавфсизлиги билан боғлиқ тадбирлар учун вазирлик ходимлари томонидан ҳеч қандай пул йиғимлари ундирилмайди

ФВВ: Ёнғин хавфсизлиги билан боғлиқ тадбирлар учун вазирлик ходимлари томонидан ҳеч қандай пул йиғимлари ундирилмайди

Куз-қиш мавсуми бошланиши билан махсус кийим-бошдаги шахслар ўзларини “давлат ёнғин назорати органи ходими” сифатида таништириб, фуқаролардан “йиллик тўлов” қабилида турли миқдордаги пул маблағларини мажбурий тарзда ноқонуний йиғиши ҳолатлари кузатилади.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бу шахсларнинг ФВВ фаолиятига ҳеч қандай алоқаси йўқлигини, шу билан бирга, ёнғин ва унинг олдини олиш билан боғлиқ тадбирлар учун вазирлик тизими ходимлари томонидан ҳеч қандай пул йиғимлари, бошқа турдаги тўловлар ундирилмаслигини маълум қилди.

Маълум қилинишича, ҳозирда турли ҳудудларда фавқулодда вазиятлар, ёнғинларнинг олдини олишга қаратилган тадбиркорлик субъектлари фаолият юритади. Уларнинг низомларида ҳам фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш юзасидан аҳолига хизмат кўрсатиш вазифалари белгиланган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бу борада қуйидагиларга эътибор қаратишни сўраган:

* хонадонга келиб, ўзини ФВВнинг қуйи тизимларига ўхшаш ташкилотлар номлари билан таништирган шахслардан, биринчи навбатда, ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатини тақдим этишни сўранг;

* уларнинг фаолият тури ҳамда қандай хизматлар кўрсатиши ва ишларни бажаришига аниқлик киритинг;

* шунингдек, улар томонидан таклиф қилинадиган хизматларни бажариш фақат сизнинг розилигингиз асосида амалга оширилиши мумкинлигини унутманг.

“Агар хизмат кўрсатмасдан ва сиз ёки оила аъзоларингизни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш юзасидан бирор ишларни бажармасдан, сиздан мажбурий тартибда тўлов талаб қилинса, ўз ҳуқуқларингизни ҳимоя қилиш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат этишингиз мумкин”, – дейилади ФВВ хабарида.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!