Францияда G7 саммити бошланди

Францияда G7 саммити бошланди

Франция президенти Эмманюэль Макрон "Катта еттилик" давлатлари раҳбарларига қутлов сўзи билан G7 саммитини очиб берди.

Макрон саммит олдидан твиттерда G7 давлатлари ўз фуқаролари хавфсизлигини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш ва тенгсизликка қарши курашиш учун бор кучларини сарфлашига ваъда берганди.

Еврокенгаш раиси Дональд Туск саммит олдидан бу учрашув "озод дунё ва унинг етакчилари бирлиги ва ҳамжиҳатлигининг мураккаб синови" бўлишини билдирди. У шунингдек, G7 давлатлари раҳбарларини савдо урушларини тўхтатишга чақирди.

Саммит Франциянинг жануби-ғарбидаги Биарриц шаҳрида бўлиб ўтмоқда.

Давлат ва ҳукумат раҳбарлари жаҳон иқтисодиёти, савдо, халқаро хавфсизлик ва бошқа масалаларни муҳокама қилишади.

Саммит доирасида давлатлар раҳбарларининг икки томонлама музокаралари ҳам бўлиб ўтади.

Эрондаги вазият, Ҳонгконгдаги намойишлар, Суриядаги низо, Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги кескинлик муҳокама қилинадиган халқаро мавзулар марказида бўлади.

Бундан ташқари, саммит арафасида 2020 йилда бўлиб ўтадиган саммитга Россияни таклиф қилиш масаласи муҳокамага сабаб бўлганди. Айрим маълумотларга кўра, Биаррицдаги саммитда ушбу мавзу кўтарилиши мумкин.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!