Forbes олигархлари ва йирик компаниялар Қозоғистон учун 100 миллиард тенге ажратди

Forbes олигархлари ва йирик компаниялар Қозоғистон учун 100 миллиард тенге ажратди

Forbes рўйхатидаги қозоғистонлик миллиардерлар ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг тошқиндан жабр кўрган ҳудудларга қўшимча маблағ ажратиш ҳақидаги чақириғига жавоб берди.

Булат Утемуратов Ақтўбе вилояти аҳолиси учун 10 миллиард тенге ажратиш орқали уларни қўллаб-қувватлашга қарор қилди. Маблағ уйсиз қолган қозоғистонликлар учун уй-жой қуришга сарфланади.

“Тошқин зонасида жойлашган ҳудудлардаги фавқулодда вазиятни чуқур ҳамдардлик билан кузатаман. Табиий офат кўлами кенгаймоқда, одамлар шошилинч ёрдамга муҳтож ва биз уни бор кучимиз ва мавжуд ресурсларимиз билан таъминлашда давом этамиз. Президент олдинги сафда бўлиб, мушкул аҳволга тушиб қолган минглаб юртдошларимизнинг хавфсизлиги ва эртанги кунга ишончи кафолати бўлмоқда, унинг қарорлари биз томондан ҳамиша қўллаб-қувватланади”, – деди Булат Утемуратов.

Тимур Кулибаев Атирау вилоятига ёрдам бериш учун 30 миллиард тенге ажратади. Маблағлар уй-жой қуриш ва реконструкция қилиш, инфратузилма объектларини тиклаш, шунингдек, сув тошқинларидан жабр кўрган аҳолини қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.

“Мен тошқиндан жабрланганларга чуқур ҳамдардман. Биз илк кунларданоқ сув тошқинидан жабр кўрган ҳудудларга ёрдам кўрсатаяпмиз. Ишончим комилки, Президентимиз Қасим-Жомарт Кемелевич Тоқаев раҳнамолигида биз барча қийинчиликларни биргаликда енгамиз”, – деди Тимур Кулибаев.

Kazakhmys компаниялар гуруҳи, KAZ Minerals, Altynalmas, Karazhyra ва RBK Bank тошқинлардан жабр кўрган қозоғистонликларга ёрдам бериш учун қўшимча равишда 40 миллиард тенге ажратади. Матбуот хизмати хабарига кўра, маблағлар инфратузилмани тиклаш ва ижтимоий объектлар: болалар боғчалари, мактаблар, шифохоналар, шунингдек, турар-жой биноларини қуришга йўналтирилади.

Ўз навбатида Kaspi.kz ҳаммуассислари Вячеслав Ким ва Михаил Ломтадзе кеча Шимолий Қозоғистон ва Ақмўла вилоятларига 20 миллиард тенге ўтказиш орқали ёрдам беришларини маълум қилишди. Пул янги уй-жой қуриш учун эмас, балки ҳудудларни тиклаш учун сарфланади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!