Энди тиббиёт олийгоҳларида давлат гранти асосида қабул квоталари туман ва шаҳарлар кесимида шакллантирилади

Энди тиббиёт олийгоҳларида давлат гранти асосида қабул квоталари туман ва шаҳарлар кесимида шакллантирилади

Президентимизнинг “Тиббий-санитария соҳасида кадрларни тайёрлаш ва узлуксиз касбий ривожлантиришнинг мутлақо янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида юртимизда малакали кадрларга бўлган эҳтиёжни тўлақонли қоплашга ҳам алоҳида эътибор берилган.

Жумладан, ҳудудларнинг шифокорларга бўлган эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб бакалавриатнинг “Даволаш иши”, “Педиатрия иши” ва “Касбий таълим (даволаш иши)” йўналишлари бўйича давлат гранти асосида қабул квоталари туман ва шаҳарлар кесимида шакллантирилади.

Битирувчиларни яшаш бўйича рўйхатга олинган жойидан қатъий назар қабул квотасида кўрсатилган туман ёки шаҳарда камида 5 йил ишлаш мажбурияти киритилади ва истисно ҳолатларнинг рўйхати белгиланади. Бундан ташқари, врачларга эҳтиёж юқори бўлган ҳудудлар учун келгуси ўқув йилида бакалавриат ва магистратурага давлат гранти асосида ўқишга қабул параметрлари 50 фоизгача оширилади.

Давр талабидан келиб чиққан ҳолда, бакалавриат ва магистратура ўқув режаларидаги мутахассисликка оид бўлмаган фанлар 2 баробарга қисқартирилади ва ўрнига замонавий диагностика ва даволаш усулларини ўрганиш фанлари киритилади.

Шунингдек, 2020 йил 1 августга қадар мутахассислик йўналишларида асосий ҳисобланган халқаро тан олинган муаллифларнинг адабиётлари ҳамда профилактика, диагностика ва даволашнинг замонавий усулларини қўллаш бўйича хорижий дарсликларни ўзбек тилига таржима қилиш асосида тиббиёт олий таълим муассасалари ўқув дастурлари такомиллаштирилади.

Амалиётга йўналтирилган тиббий таълимни ривожлантириш

ва ҳудудларни тор мутахассисликлар бўйича малакали врачлар билан таъминлаш мақсадида 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб клиник ординатура талабаларининг битирув курсини ҳудудий тиббиёт марказларида ташкил этиш тизими йўлга қўйилади.

Шунингдек, эндиликда тиббиёт олий таълим муассасаларининг даволаш ишлари проректорлари бир вақтнинг ўзида ушбу таълим муассасаси клиникаларининг бош шифокорлари сифатида ҳам фаолият юритишади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.
 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!