“Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали хорижда таълим олганлар танловсиз ишга олинади

Президент фармони (ПФ-61-сон, 26.03.2025-й.)га кўра:
2025 йилдан “Эл-юрт умиди” жамғармасининг янги стипендия йўналиши сифатида “Ёрқин истеъдод” лойиҳаси жорий этилади.
Бунда қуйидагилар назарда тутилади:
▪️ҳар йили иқтидорли, билимга чанқоқ, оғир оилавий шароити сабабли ўқиш имкониятига эга бўлмаган камбағал оилалар фарзандларини хорижда ўқитиш мақсадида ҳар бир маҳалладан фаол ёшларни саралаш;
▪️саралаб олинган ёшларнинг иқтидорини аниқлаш орқали уларни салоҳиятига мос хорижий олийгоҳларга юбориш учун тайёргарлик курсларида ўқитиш;
“Эл-юрт умиди” жамғармасига жорий йилда “Ёрқин истеъдод” лойиҳаси учун 300 миллиард сўм ажратилади.
“Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали хорижий мамлакатларда таълим олиб қайтган стипендиатлар миллий кадрлар захирасига тўғридан тўғри киритилади ҳамда улар давлат органлари, ташкилотлари ва муассасаларига танловсиз ишга олинади.
Бундан ташқари, хорижий тиллар бўйича камида C1 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро тан олинган сертификатни олганига 2 йилдан ошмаган ёшларга олис ва бориш қийин бўлган ҳудудларда чет тилларига ихтисослашган ўқув марказларини очиш учун 6 ойлик имтиёзли давр билан 3 йил муддатга БҲМнинг 320 бараваригача миқдорда фоизсиз ссуда берилади.