Буюк Британия Россия разведкаси хакерларини Украина ва Европанинг бошқа давлатларидаги чегара пунктларидаги видеокамераларни бузишда айблади

Бу ҳақида The Guardian хабар қилди.
Лондон маълумотларига кўра, Россия разведкасининг (ГРУ) АPT 28 ёки Fancy Bear номи билан танилган хакерлар бўлинмаси чегара назорати камераларини бузишга уринган.
"Бундан мақсад Ғарб давлатларининг Украинага юбораётган ёрдамини кузатиш ва етказиб бериш жараёнига халақит бериш бўлган", деб ёзади The Guardian.
Шунингдек, россиялик хакерлар Европа давлатларидаги муҳим ҳарбий объектлар ва темирйўл станциялари яқинидаги камераларга ҳам киришга ҳаракат қилган.
Маълумотларга кўра, ҳужум 10 мингта камерага қаратилган бўлиб, уларнинг 80 фоизи Украинада, 10 фоизи Руминияда, 4 фоизи Полшада, 2,8 фоизи Венгрияда ва 1,7 фоизи Словакияда жойлашган. Қолган камераларнинг жойлашуви ошкор қилинмаган.
Буюк Британия расмийларининг маълум қилишича, ГРУ хакерлари 2022 йилдан бери NATO мамлакатларидаги давлат ва хусусий ташкилотларга қарши зарарли киберкампания олиб бормоқда. Улар порнографик материаллар ва сохта ҳужжатлар билан фишинг хатлари юбориб, тизимларга кириш учун паролларни ўғирлаган.
Буюк Британиянинг Миллий киберхавфсизлик маркази Украинага ёрдам етказиш билан шуғулланаётган хусусий компанияларни “зудлик билан хавфсизлик чораларини кўришга” чақирмоқда.