Бухорода бўлиб ўтадиган Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивалига хориждан нечта иштирокчи келмоқда?

Бухорода бўлиб ўтадиган Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивалига хориждан нечта иштирокчи келмоқда?

"Ҳунарманд" уюшмаси томонидан шу йилнинг 3-5 май кунлари Бухорода ўтказиладиган II Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивалига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Фестивалнинг асосий мақсади халқ амалий санъатининг зардўзлик ва заргарлик анъаналарини ривожлантириш, уларнинг ноёб намуналарини тарғиб этиш, шунингдек, ушбу йўналишларда ўзаро тажриба алмашиш орқали халқлар ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, маданий-гуманитар алоқаларни кучайтириш, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган касбий анъаналар ва ҳунармандчилик мактабларини сақлаш ва қайта тиклаш ҳамда минтақанинг туризм салоҳиятини янада оширишдан иборат.

Фестиваль ҳақида кенг маълумот тарқатиш мақсадида handicrafters.uz сайти ишга туширилди.

Маълум қилинишича, жорий йил февраль ойида фестивалда иштирок этишни истаган хорижий давлатлар ҳунармандлари, заргарлари, ОАВ вакиллари ва бошқаларга ушбу сайт орқали онлайн тарзда рўйхатдан ўтиш имконияти яратилди. Онлайн рўйхатдан ўтиш якунларига кўра, мазкур фестивалда 63 та давлатдан 200 нафарга яқин иштирокчи қатнашиш истагини билдирди.

Шунингдек, фестивалда республикамизнинг барча ҳудудларидан 230 нафар ҳунармандлар, шулардан 105 нафар заргар, 35 нафар зардўз ва 90 нафар ҳунармандчиликнинг бошқа йўналишларида фаолият олиб бораётганлар ҳисобланади.

Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивали дастуридан илмий-амалий конференция, кўрик-танлов, тақдимот ва кўргазмалар, театрлашган концерт-томошалар, маданий-маърифий ва тарғибот-ташвиқот тадбирлари ўрин олган.

Эслатиб ўтамиз, биринчи фестиваль 2022 йилнинг 21-25 май кунлари Бухорода бўлиб ўтган эди. Унда республикамизнинг барча вилоятларидан 300 га яқин ҳунармандлар, шунингдек, 58 давлатдан 100 дан ортиқ хорижий иштирокчилар қатнашган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!