Бугун «Қирғиз кино кунлари»нинг очилиш маросими бўлиб ўтади
Бугун, 19 июль куни Миллий кино санъати саройида «Қирғиз кино кунлари»нинг очилиш маросими бўлиб ўтади.
19-20 июль кунлари бўлиб ўтадиган «Қирғиз кино кунлари» доирасида қирғиз киноижодкорлари томонидан суратга олинган «Совға», «Осмон болалари», «Дарахт қўшиғи» фильмлари ҳам намойиш этилади.
Шунингдек, Қирғизистон Республикаси Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги ҳузуридаги Кинематография департаменти директори Акжолтой Бекболотов, департамент бош мутахассиси Айсулу Субаналиева, «Қирғизфилм» Миллий киностудияси директори Аида Усонова, «Дарахт қўшиғи» фильми режиссёри Ойбек Дайирбеков, Қирғизистон Кинематографлар уюшмаси раиси Талай Кулмендеев, Қирғизистон халқ артисти, режиссёр Нурлан Абдиқодировларнинг ташрифи ҳам кутилмоқда.
"Барча киноихлосмандларни «Қирғиз кино кунлари» тадбирларига таклиф этиб қоламиз", - дейилади Маданият вазирлиги телеграм-каналидаги хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 18-22 июль кунлари Ўзбекистонда «Қирғиз маданияти кунлари» тадбирлари бўлиб ўтмоқда. Ўзбекистонда «Қирғиз маданияти кунлари» тадбирлари дастури билан - бу ерда - танишинг.
