Бу йил Ҳажга бориши режалаштирилган ўзбекистонликлар навбати кейинги йилга ўтказилди
Бугун, 23 июнь куни «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича Жамоатчилик кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита хабарига кўра, йиғилиш Саудия Арабистони подшоҳлиги томонидан «Ҳаж-2020» мавсуми хорижликлар учун бекор қилинганимуҳокамасига бағишланган.
Коронавирус тарқалиши сабабли подшоҳликка кириш 27 февралдан бошлаб тақиқланган эди. Маълум қилинишича, 14 мартда Ташқи ишлар вазирлиги орқали Саудия Арабистони Ҳаж ва умра вазирининг «Ҳаж-2020» мавсумининг ташкилий ишларини кечиктириб туриш тўғрисидаги расмий хати олинган.
Айни пайтда подшоҳликдаги жиддий эпидемиологик вазият сақланиб қолмоқда: ҳар куни ўртача 4 мингга яқин вирус билан касалланиш, 35-40та ўлим ҳолати кузатилмоқда.
«Саудия Арабистони қироли – Икки Муқаддас Ҳарам хизматчиси қирол Салмон бин Абдулазиз ана шундай инсон саломатлиги учун мураккаб вазиятни инобатга олиб, «Ҳаж-2020» мавсуми учун чет элдан зиёратчиларни қабул қилмаслик ҳақидаги таклифни қўллаб-қувватлади ҳамда жорий йилнинг 22 июнь куни мамлакат ичида бўлиб турган чекланган миқдордаги зиёратчилар учун ички ҳаж мавсумини ташкил этиш бўйича барча тегишли чораларни кўриш тўғрисида қарор қабул қилди.
Саудия ҳукуматининг ушбу қарори Саудия уламолари Кенгаши, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Ислом олами уюшмаси, Мисрдаги Ал-Азҳар мажмуаси ҳамда «Дорул ифто» фатво ҳайъати ва бошқа кўплаб илмий марказлар томонидан маъқулланди.
Юқоридагиларга асосланган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ҳаж ва Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича Жамоатчилик кенгаши Саудия Арабистони қироли – Икки Муқаддас Ҳарам хизматчиси қирол Салмон бин Абдулазизнинг ҳожилар манфаатлари, уларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилишни таъминлаш нуқтайи назаридан қабул қилган ушбу қарорини қўллаб-қувватлайди.
Шунингдек, Жамоатчилик кенгаши жорий йилги ҳаж сафарига боришни режалаштирган фуқароларимизнинг навбати тўлиқ сақланган ҳолда кейинги йилга ўтказилишини эслатиб ўтади.
Инсоният бошига тушган бу синовли кунлар тезда ўтиб кетишини Яратгандан сўраб қоламиз», – дейилади қўмита баёнотида.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси хабарига кўра, Саудия Арабистони подшоҳининг юқоридаги қарорига Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Бутун жаҳон ислом уюшмаси, Форс кўрфази давлатлари (БАА, Бахрайн, Қувайт ва Уммон Султонлиги), Саудияга қўшни давлатлар (Миср, Судан, Яман, Ироқ ва Иордания) муносабат билдириб, унда зиёратчиларнинг саломатлигини эътиборга олинган ҳолда ҳаж бўйича энг тўғри хулоса қилингани қўллаб-қувватланган.