Бепуштлик аёл организмига салбий таъсир қиладими?

Бепуштлик аёл организмига салбий таъсир қиладими?

Савол: – Турмушга чиққанимга кўп йиллар бўлса-да, бефарзандман. Мунтазам даволанаман, аммо натижа бўлмаяпти. Туғмасликнинг аёл организми учун зиён томонлари борми?

Комила ИБРАГИМОВА, Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани

Саволга олий тоифали акушер-гинеколог Ирода БОЗОРБОЕВА жавоб берди:

🧑🏻‍🦰 Фарзанд кўриш хоҳиши табиий эҳтиёж саналади. Шундай экан, ҳар бир аёлнинг юрагида она бўлиш истаги яшайди. Аммо турли сабаблар билан оналик бахтидан бенасиб бўлиш аёл руҳиятини эзиши, тушкун ҳолатга  солиши мумкин. 
Бундай  кайфиятдаги аёл оиласида ҳам, жамиятнинг бошқа бўғинларида ҳам ўзини кераксиздек ҳис қила бошлайди. Агар аёл бундай вазиятларда иродали бўлолмаса, турли руҳий зўриқишларга, бунинг натижасида эса турли руҳий касалликларга дучор бўлиши мумкин. 

👩‍🦰 Туғруқ аёл организмида гормонлар айланишини тартибга солади, фаоллаштиради. Бу жараён юз бермагач эса организмда айрим касалликлар юзага келиш эҳтимоли ортади. 
Масалан, бепушт аёлларнинг кўпчилигида кўкрак бези касалликлари (мастопатия) аниқланади. Айримларда кучли тушкунлик, оиладаги нотинчлик сабабли касаллик ривожланиб, кўкрак бези саратонига қадар бориб етиши мумкин.
Ҳомиладорликни бошдан кечирмаган аёлларда тухумдон кистаси, бачадон миёмаси ва бачадон саратони касалликларига чалиниш ҳолати ҳам кўпроқ кузатилиши мумкин.

👱 Бефарзанд аёлларда климакс даври бошқа аёлларга қараганда эртароқ бошланиши аниқланган. Бу эса ўзига яраша муаммоларни келтириб чиқаради. Аёлларда ҳайз кўриш даври тугаши билан унинг тухумдонларида ишлаб чиқариладиган эстроген гормонлари фаолияти секин-аста тўхтайди. Баъзи жойларда «Ҳаёт гормони» деб юритиладиган мазкур гормоннинг аёл организмида тутган ўрнини ҳеч нарса билан таққослаб бўлмайди. Аёлдаги ёшлик завқи, гўзаллик, жўшқинлик буларнинг барчаси эстроген гормони туфайлидир. 

☝️ Аёлдаги бепуштликнинг юрак, буйрак, жигар ва яна тананинг бошқа аъзоларига салбий таъсири бўлмайди. Фақатгина аёл асабийлашиш, кучли руҳий чарчоқ, тушкунлик каби ҳолатлардан ўзини, юрагини асраса бўлди.

Manba: shifoinfo_official


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!