Бангладеш армияси норозиликларни бостиришдан бош тортди
Бангладешнинг собиқ бош вазири Шайх Хасина оммавий норозиликлар фонида мамлакатни тарк этаётган кечаси армия бошлиғи ўз генераллари билан учрашди ва қўшинлар комендантлик соати жорий қилиш учун тинч аҳолига қарата ўт очмасликка қарор қилди, деб ёзади Reuters.
Хабарга кўра, мамлакат армияси генерали Вакер-Уз-Заман Хасинанинг идораси билан боғланиб, бош вазирга унинг аскарлари комендантлик соатига риоя қилмаётгани ҳақида маълум қилган.
Якшанба куни мамлакат миқёсидаги тўқнашувларда камида 91 киши ҳалок бўлган ва юзлаб одамлар яраланганидан кейин бутун мамлакат бўйлаб комендантлик соати жорий этилган эди. Бу июль ойида талабаларнинг Хасинага қарши намойишлари бошланганидан бери энг қайғули кун.
Хасина Бангладешни 20 йил бошқарган. У январь ойида минглаб мухолифат етакчилари ва ишчилари ҳибсга олинганидан сўнг 170 миллион аҳолига эга мамлакатни бошқариш учун тўртинчи муддатга сайланган эди. Унинг асосий мухолифати сайловни бойкот қилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бангладеш бош вазири намойишлар чоғида истеъфога чиққани ва мамлакатни тарк этгани ҳақида ёзган эдик.
Кейинроқ Хасина Буюк Британиядан бошпана сўрагани маълум бўлди.