Аёлининг кичик хатоси сабаб уни ўлдирган шахсга ҳукм ўқилди

Рахим (исми ўзгартирилган) ҳаёти давомида бирон-бир тайинли ишнинг бошини тутмади. Безорилик ва вояга етмаган шахсни жиноятга жалб қилганлиги учун судланиб ҳам чиқди. Уч марта уйланишга ҳам улгурди. Учинчи турмуш ўртоғи билан ҳам ҳаёти давомида арзимас баҳоналарни деб тез-тез жанжалашадиган одат ҳам чиқарди.
Фарғона вилояти, Риштон тумани, “Юқори Авазбой” маҳалласида 2020 йил 27 март куни шов-шувли хабар тарқалди, Нима эмиш, Рахим учинчи турмуш ўртоғи Малохатни (исми ўзгартирилган) теша билан чопиб ўлдириб қўйибди.
Аслида воқеа қандай юз берди, унинг юз беришига қандай сабаб ва омиллар туртки берди?
Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судида кўриб чиқилган навбатдаги жиноят иши тафсилотларига кўра, Рахим 2020 йил 26 март куни тунги соат 02 ларда Риштон тумани, “Юқори Авазбой” маҳалласидаги хонадонда бир ярим ёшлик фарзандининг йиғисидан уйғониб кетади. У турмуш ўртоғи Малохатни фарзандини қорнини тўйғизиш учун уйғотади. Малохат бироз эркалик қилибми ёки уйқу кучи биланми Рахимнинг бу талабини рад этади. Аммо, салбий ва тажовузкор хулққа эга бўлган Рахим учун турмуш ўртоғининг ушбу “раддияси” жуда фожеали кўриниб, фарзандини тўйғазишни рад этган турмуш ўртоғи билан ўзаро жанжаллашиб, айвонда бўлган тешани олиб кириб, тешанинг олди ва орқа томони билан Малохатнинг бош қисмига бир неча марта уриб, уни қасддан ўлдиради.
Мазкур жиноят иши бўйича 2020 йил 8 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди томонидан ҳукм ўқилиб, Рахим Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 97-моддаси 1-қисми, яъни қасддан одам ўлдиришда айбли деб топилди.
Унга 14 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Хўш, ушбу жиноят рўй бермаслиги, икки нафар норасида фарзанднинг онаси ҳаётдан бундай фожеали тарзда кўз юммаслиги мумкин эдими?
Албатта, мумкин эди. Рахим ва Малохатлар яшаётган маҳалла фаоллари, профилактика инспектори ўз вақтида ушбу оилада рўй бераётган низоли ҳолатларга ўз муносабатини билдириб, ушбу низоли ҳолатларни олдини олиш учун аниқ чоралар кўрганида мумкин эди.
Бироқ, бундай чоралар кўрилмади. Кўрилса ҳам, расмиятчилик учун кўрилди. Натижада икки норасида фарзанд онасиз, ота эса узоқ йиллар панжара ортида.
Суд ушбу жиноят содир этилишига олиб келган сабаб ва омилларни бартараф этиш учун хусусий ажрим чиқариб, ушбу муаммога тегишли мутасадди орган ва мансабдор шасхлар эътиборини қаратди.
Ўйлаймизки, келгусида бундай қотиллик жиноятларига олиб келувчи маиший низолар ва муаммолар ўз вақтида бартараф этиб борилади.
Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди судьяси Б.Вахобов