Ахсикент харобалари — босқинлар, зиддиятлар ва ҳалокатли зилзила (ФОТОГАЛЕРЕЯ)

Ахсикент харобалари — босқинлар, зиддиятлар ва ҳалокатли зилзила (ФОТОГАЛЕРЕЯ)

Туризм ва маданий мерос вазирлиги ташаббуси билан Намангандаги 61-Халқаро гуллар фестивалига бордик. Ташриф давомида Намангандаги қадимий шаҳар — Ахсикент харобаларида ҳам бўлдик.

Ахсикент харобалари — босқинлар, зиддиятлар ва ҳалокатли зилзила (ФОТОГАЛЕРЕЯ)Ахсикент харобалари — босқинлар, зиддиятлар ва ҳалокатли зилзила (ФОТОГАЛЕРЕЯ)Ахсикент харобалари — босқинлар, зиддиятлар ва ҳалокатли зилзила (ФОТОГАЛЕРЕЯ)Ахсикент харобалари — босқинлар, зиддиятлар ва ҳалокатли зилзила (ФОТОГАЛЕРЕЯ)

УЗОҚ ТАРИХ

Тарихий маълумотларга қараганда, Ахсикат шаҳри милоддан аввалги III-II асрларда вужудга келган, IX-X асрларда Фарғона водийсининг пойтахти бўлган. 1219 йилда мўғуллар томонидан бутунлай вайрон қилинган. Шаҳарнинг эски ўрнидан 5-7 км. ғарбда бунёд этилган янги шаҳар Ахси 14-17 асрларга оид. “Бобурнома”да Ахсикент ҳақида шундай тавсиф берилади: “… Фарғонада Андижондин сўнгра мундин улуғроқ қасаба йўқтур… Умаршайх Мирзо муни пойтахт қилиб эди…” Ўз замонасида берилган мана шу икки жумла таърифнинг ўзиёқ Ахсикент ўзбек давлатчилиги тарихида муҳим ўрин тутадиган маконлардан бири эканлиги маълум бўлади.

Ахсикент харобалари — босқинлар, зиддиятлар ва ҳалокатли зилзила (ФОТОГАЛЕРЕЯ)Ахсикент харобалари — босқинлар, зиддиятлар ва ҳалокатли зилзила (ФОТОГАЛЕРЕЯ)Ахсикент харобалари — босқинлар, зиддиятлар ва ҳалокатли зилзила (ФОТОГАЛЕРЕЯ)Ахсикент харобалари — босқинлар, зиддиятлар ва ҳалокатли зилзила (ФОТОГАЛЕРЕЯ)Ахсикент харобалари — босқинлар, зиддиятлар ва ҳалокатли зилзила (ФОТОГАЛЕРЕЯ)

Ахсикент харобалари — босқинлар, зиддиятлар ва ҳалокатли зилзила (ФОТОГАЛЕРЕЯ)

АХСИКЕНТ СЎЗИНИНГ МАЪНОСИ

Маълумотларга кўра, Ахсикент сўзи “Ахсининг юрти” деган маънони билдиради. Ахси эса Ахзи сўзидан олинган. Тарихчи Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома” (ХIV аср) асарида ёзилишича, Хусрав I Анушервон (532-579) Фарғонани бино қилиб, бу ерга ҳар бир хонадондан биттадан кишини кўчирган, ўша кишилардан бирининг исми Ахзи бўлиб, у барпо этилган жой унинг номи билан атала бошлаган.

Тилшунос олим Ф.Исҳоқов “Ахси” сўзи ҳакас тилидаги “агис” сўзининг қисқаришидан келиб чиққанини, яъни “агис”-агси-ахси-шаклига келганини таъкидлайди. Рус олимлари М.Н.Боголюбов ва Д.И.Смирновалар эса “Ахсикат” сўзи суғд тилидан таржима қилганда “хшикат” – “оқ шаҳар” деган маънони англатади, деб ёзганлар. Ёзма манбалар ва адабиётларда Ахсикент “Ахси”, “Ахсикат”, “Аскатан”, “эски Ахси”, “янги Ахси” деб ёзиб келинган. Ахсикент Фарғона водийсидаги қадимий шаҳар бўлиб, Шаҳристон дарё сатҳидан 50 метр баландликда жойлашган 300 гектардан ортиқ майдонни эгаллаган.

Машҳур сайёҳ географик олим Ёқут Ҳамавийнинг (1179-1229) “Мўъжам ал-булдон” (“Мамлакатлар луғати”) асарида юнон тарихчилари Геродотнинг (милоддан аввалги V аср) “Тарих” ва Птоломейнинг (милоддан аввалги III аср) “Кундаликлар” асарларида Фарғонанинг пойтахти “Аскатан” деб тилга олингани эслатилган. Хитой сайёҳи Чжон Сянь (милоддан аввалги II аср) ўз кундаликларида Ўрта Осиёнинг Довон (Даван) деган деҳқончилик юрти борлиги, унинг аҳолиси 300000 киши бўлиб, 60000 қўшинга эгалиги, улар камон ва найзалар билан қуроллангани ва от устида жанг килишга моҳир эканликлари, шоли, ғалла, узум экилиши, зотдор отлари ҳақида ёзиб қолдирган.

Академик Я.Ғуломов бошчилигида 1960 йилдан олиб борилган археологик тадқиқотлар натижасида Жомашўйдан Наманганга бориш йўлининг чап томонида жойлашган антик давр Ахсикенти милоддан аввалги III-II асрларга тааллуқли эканлиги аниқланган. Ахсикент ёши жиҳатдан “Афросиёбга тенгдош шаҳар эканлиги”маълум бўлгач, Ахсикент “Фаргона Афросиёби” номини олган. Ҳозирда антик Ахсикентнинг катта қисми экинзор қилиб ўзлаштириб юборилган, уй-жой қурилган, қабристон қилинган, тупроғи қурилиш ашёси сифатида (сариқ тупроқ) ташиб кетилган. Шаҳристоннинг жануби-шарқий қисмида олиб борилган қазишлар натижасида у ердан нақшли, тўртбурчак “Давань типи”га мансуб сопол буюмлар топилган. Шаҳристоннинг қуйи қатламлари милоддан аввалги III-II асрларга тааллуқли эканлиги қадимшунос олимлар т.ф.н И.Аҳроров ва А.Анорбоевларнинг тадқиқотлари натижасида аниқланган. З.М.Бобурнинг “Бобурнома” асарида “Ахси суви Косондан келур” деб кўрсатилган. Тадқиқотлар вақтида ҳақиқатан ҳам Ахсикентга Косонсойдан ер ости орқали ичимлик суви олиб келинганлиги аниқланди. 1970-1980 йилларда археолог ва тарихчи олимлар марҳум Й.Қосимов, И.Аҳроров, А Муҳаммаджоновларнинг саьй-ҳаракатлари билан Ахсикент сув йўлини топиш ва қазиш ишлари натижасида ғоят пишиқ ғиштдан туннель усулида қурилган ирригацион иншоотнинг ноёб намуналари топилган.

МЎҒУЛЛАР БОСҚИНИ

X-XII асрларга мансуб ҳаммом қолдиқлари ҳам ўша давр меьморларининг ниҳоятда юксак дидли ва ўз ишининг моҳир устаси эканликларини кўрсатади. Ҳаммом бир неча хоналардан иборат бўлган, бинони қиздириш ва ювинди сувларини ташқарига чиқариш каби муҳим масалалар оқилона ҳал қилинган. Ҳаммомлар деворларига тик ўрнатилган сопол қувурлар-дудбуронлар воситасида иситилган. Ҳаммом шифохона воситасини ҳам ўтаган бўлиши мумкин.

1220 йилда мўғуллар томонидан Ахсикент шаҳристони босиб олингач, вайронага айлантирилган, шаҳристон ёндирилиб, култепага айлантирилган. Ана шу тариқа “Эски Ахси” харобазорга айланган. XIV аср иккинчи ярмидан бошлаб омон қолган халқ кўпайиб, кичикроқ шаҳар барпо этилган. Шаҳарча халқ орасида “Янги Ахси” деб юритилган.

Ахсикент дарё ёқасидаги тепалик устида атрофи жарликлардан иборат қулай бўлган майдонга жойлашган. Шу боис, қўрғон атрофини қалин мудофаа деворлари билан ўраб олиш шарт бўлмаган. Аҳоли яшайдиган маҳаллалар қўрғондан узоқда жойлашган. Бу ҳақда Бобур шундай ёзган: “Маҳоллати қўрғондин бир шарьий йироқроқ тушубдир “Деҳ кужову, дарахти кужо”, (“қишлоқ қайда-ю, дарахтлар қайда”) масалини ғолибо Ахси учун айтибдурлар".

ЗИЛЗИЛАДА ВАЙРОН БЎЛГАН АХСИ

Ахси қўрғони харобалари Бобур жамоа хўжалигининг Сирдарёнинг ўнг соҳилида сақланиб қолган ерлар “Якка йигит” участкаси майдонида жойлашган. Темурийлар асос солган Ахси шаҳри 1620 йилда (ҳижрий 1030 й.) рўй берган кучли зилзила оқибатида ҳалокатга учраган. Бу ҳақда Исҳоқхон Ибрат (1862-1937) “Фарғона тарихи” асарида келтириб ўтади. Ҳар икки муаллиф бир манбадан фойдаланганлар: косонсойлик табиатшунос ва географ олим Саид Муҳаммад Тохир ибн Абдул Қосим 1640 йилда “Ажойиб ут-табақот” (“Минтақа ажойиботлари”) асарида ўз кўзи билан кўрган воқеаларни баён қилган. “Ҳижрий 1030 йилда Ахсида шундай зилзила бўлдики, Сирдарёдан чайқалиб чиққан сув дарё четидаги далани босиб кетди. Иморатлар вайрон бўлди, кўп одамлар йиқилган иморатлар остида қолиб ўлди. Катта дарахтлар илдизи билан юлиниб ерга тушди. Олти ойгача зилзила шундай бўлиб турди. Масалан, биринчи куни зилзила 70 мартагача бориб етди. Шуниси қизиқки, энг қаттиқ зилзила Ахси қўрғонининг ичида бўлиб, атроф қишлоқларда унча қаттиқ бўлмади, шаҳардан бир фарсах ерда (1 фарсаҳ — 17 км – З.И.) ҳеч қандай товуш эшитилмади. Ана шу вайронагарчиликдан сўнг Ахси шаҳри қайта тикланмаган. Зилзиладан омон қолган аҳоли эса бошқа тарафларга кўчиб кетган.

Ахсикент харобалари — босқинлар, зиддиятлар ва ҳалокатли зилзила (ФОТОГАЛЕРЕЯ)Ахсикент харобалари — босқинлар, зиддиятлар ва ҳалокатли зилзила (ФОТОГАЛЕРЕЯ)Ахсикент харобалари — босқинлар, зиддиятлар ва ҳалокатли зилзила (ФОТОГАЛЕРЕЯ)

Наманган вилояти ўлкашунослик музейи директори Иброҳим Юсуповнинг айтишича, музей мутахассислари Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиси Археология институти ҳамда Наманган давлат университетининг талабалари билан биргаликда тўрт йил давомида 100 гектар мадйонга эга Ахсикент харобаларида қазишмалар олиб борилган бўлсада, бу ҳали етарли эмас. Чунки қадим қалъанинг атиги 0,5 фоизи ўрганилган, холос.

140 ГЕКТАРДАН ИБОРАТ ШАҲАР

Манбаларда қайд этилишича Темурийлар даврида Ахсикент 140 гектардан иборат шаҳар бўлиб, Сирдарёнинг шимолий қисмида жойлашган. Ахсикент барча қадимий шаҳарларимиз сингари учта асосий қисмдан иборат бўлган. Шаҳарнинг арк, шаҳристон ва работ қисмлари бўлган. Маълумки, шаҳарларнинг арк қисмида ҳукмдорлар, шаҳристонда эса шаҳар аҳолиси, турли маъмурий бинолар, масжид ва мадрасалар бўлган. Работ қисми эса шаҳардан четда жойлашган бўлиб, у ерда асосан карвонсаройлар ва бозорлар фаолият кўрсатган. “Ахсикент” археология объекти меросини муҳофаза қилиш ва тадқиқ этиш дирекцияси директори, тарих фанлари номзоди, доцент Тоҳиржон Қозоқовнинг айтишича, ушбу маскан кўп йиллардан буён 1221 йилдаги мўғуллар босқини натижасида вайрона қилинган деб келинар эди. Бироқ шаҳар орадан 400 йил ўтиб, 1621 йилги кучли зилзила натижасида вайрон бўлгани ойдинлашди.

Бугун қадимги шаҳар харобалари ёнида жойлашган Шаҳанд қишлоғида тарихий ёдгорликдан топилган буюмлар, шаҳарнинг бой тарихини сўзлаб берувчи манбалар сақланаётган музей очилган. Унда сақланаёган XIV-XVII асрларга оид сопол, идишлар, коса, тақсимча, қора чироқ, сопол қозон, ўша давр ҳокимлари номи билан зарб қилинган танга пуллар, зийнат буюмлари, кўзалар, ханжар, қилич, темирчилик асбоблари, бир патлар бу ёрда ҳаёт қайнаганидан далолат беради.

Бугунги кунда қадимий Ахсикент ёдгорлиги ЮНЕСКО бутунжаҳон маданий мероси объекти ҳисобланади. 2001 йилда Ахсида “Ўзбек давлатчилиги тарихида Ахсикент” мавзусида халқаро семинар ўтказилганди. Аммо унинг тарихи етарли тарғиб қилинмади, кўзда тутилган музей ҳозиргача мавжуд эмас. Ахсикент қалъасининг умумий кўриниши ҳамон мутахассислар томонидан реконструкция тарзда тикланмади, аниқ харитаси йўқ, чегараси номаълум қолмоқда. Тарихи эрамиздан аввалги IV асрларга бориб тақалувчи бу ноёб ёдгорликни чуқур ўрганиш, қадим пойтахт шаҳар тарихи билан юртдошларимиз, хорижий сайёҳларни таништириш вилотда туризмни ривожланиши учун кенг имкониятдир.

Мақолани тайёрлашда Наргис ҚОСИМОВАнинг материалидаги маълумотлардан фойдаланилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!