Араб-Ислом вазирлари делегацияси Канада расмийлари билан учрашди

Араб-Ислом вазирлари делегацияси Канада расмийлари билан учрашди

Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири шаҳзода Файсал бин Фархон бин Абдуллоҳ бошчилигида Ар-Риёдда ўтказилган Араб-Ислом Фавқулодда вазиятлар қўшма саммити номидан тузилган вазирлар қўмитаси аъзолари Оттавада Бош вазир Жастин Трюдо ҳамда Канада ташқи ишлар вазири Мелани Жоли билан расмий учрашув ўтказди.

Учрашувда Фаластин Давлати ташқи ишлар вазири Риёд Ал-Маликий ва Туркия Республикаси ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан иштирок этди. Бу ҳақда Саудия Арабистони Қироллиги ахборот агентлиги – “SPA” маълум қилди.

Йиғилишда Ғазо секторидаги воқеанинг оқибати, жумладан қуролсиз фуқароларга қарши ҳарбий ҳаракат кучайгани муҳокама қилинди. Қўмита аъзолари секторда хавфсизлик ва барқарорликни тиклаш учун зудлик билан ўт очишни тўхтатиш зарурлигини таъкидлади.

Улар халқаро ҳамжамиятни тезкор ҳаракат қилиш ва аҳолини Исроил ишғолидан ҳимоя қилиш бўйича мажбуриятни бажаришга чақирдилар.

Шунингдек, Ғазога ёрдам етказилиши учун гуманитар йўлак яратилишини таъминлаш бўйича жиддий ва зудлик билан чора кўриш зарурлигини таъкидлаб, ёрдам оқимини чеклашга қарши эканликларини айтдилар.

Бундан ташқари, 1967 йил 4 июндаги чегаралар доирасида тегишли халқаро резолюциялар асосида мустақил Фаластин давлатини барпо этиш учун ҳақиқий сиёсий муҳит яратиш муҳимлиги таъкидланди, Ғазо масаласини Фаластиндан алоҳида муҳокама қилишга қарши фикр билдирилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!