Амир ОЛИМХОН: "Банкда сақланаётган долларларга бирортанг қўл теккизмайсан, Ўзбекистон мустақил бўлгач, бу пулларни унинг ҳисобига ўтказасанлар"

Бухоронинг сўнгги амири йиққан хазина, бойликлар унинг фарзандларига насиб этганми ёки йўқми, деган савол кўпчиликда туғилиши тайин.
Ҳайдарали Узоқов ва Сотимхон Холбоев «Бухоро амирлигининг олтинлари» номли мақоласида Бухоро амирлиги хазинасида тўпланган беҳисоб олтин, кумуш ва бошқа қимматбаҳо бойликлар тўғрисида ишончли ҳужжатлар асосида фикр юритадилар.
Улар Амир Олимхон ўлими олдидан фарзандлари ва қариндош-уруғларига берган васиятини келтирадилар: «Пешавор банкида сақланаётган долларларга бирортанг қўл теккизмайсан, Ўзбекистон мустақил бўлгач, бу пулларни унинг ҳисобига ўтказасанлар. Лондонда сақланаётган жамғармалар асосан авлодлар учун, лекин унинг бир қисми ҳам Ўзбекистонга берилиши мумкин. Бу сенларга боғлиқ».
Нақадар узоқни кўзлаб қилинган ибратли васиятнома бу!
Саид Олимхоннинг фарзандлари падари бузрукворларининг бу муқаддас васиятномасига содиқ қолганлар.
Моддий жиҳатдан қийналиб яшаганларида ҳам уларнинг бирортаси банкдаги хазинасидан ярим чақа ҳам олмай, ота насиҳатини виждон амри, ҳақиқат кўзгуси, келажакка ишончи, деб билганлар.
Бу Шарққа хос қатъият, самимийлик, сабр-тоқат, меҳр-оқибат, вафодорлик ва юксак одамийлик намунасидир.
Манба: ЎзА