Алишер Усмонов муваффақиятининг сири нимада? (3-қисм)

Алишер Усмонов муваффақиятининг сири нимада? (3-қисм)

ЎзА Миллий ахборот агентлиги асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмоновнинг муваффақиятига эришиш тарихи ҳақидаги мақоланинг 3-қисмини эълон қилди. UZ24 уни тўлиғича келтиради.

Блумберг нашриёти 2012 йилнинг март ойида Алишер Усмоновни Россиянинг энг бадавлат кишиси, деб эълон қилди. Шу пайтда унинг 20 миллиард АҚШ долларлик мол-дунёси бор эди. “Блумберг маркетс” журнали 2013 йили Алишер Усмоновни дунёнинг беш нафар энг машҳур бизнес кишилари қаторига қўшди.

Алишер Усмонов кўп жойларда ишлади, турли вазифаларни бажарди, тинмади. 1997 йили йирик инвестиция лойиҳаларини жорий этиш бўйича махсус тузилган ПАО “Газпром”нинг шўъба (дочерняя) компаниясида 15 йил бош директор бўлиб хизмат қилди. Ва ниҳоят, таркибида “Металлоинвест” холдинги, “МегаФон” ва “Скартел” алоқа операторлари, интернет-бозоридаги рус сегментининг лидери бўлган Mail.Ru Group, Disney Russia (Дисней Раша), “МУЗ-ТВ” ва “Ю” телеканалларини бирлаштириб ўзининг номидаги “USM Holdings” компаниясига асос солди.

Алишер Усмонов Россиядаги бағри кенг, қўли ҳам кўнгли ҳам очиқ хомийлардан бири ҳисобланади. 2007 йили Лондондаги машҳур Сотбис аукционида сотилиш арафасида турган машҳур созанда Мстислав Ростропович билан унинг рафиқаси, опера қўшиқчиси Галина Вишневскаянинг умумий баҳоси 111 млн 750 минг доллар қийматга эга бўлган 450 лотли коллекциясини харид қилиб олиб Россия давлатига ҳадья этди. 2007 йили Американинг Олег Видовга қарашли “Films by Jove, Inc” компаниясидан собиқ Иттифоқ даврида қандайдир йўллар билан хорижга кетиб қолган совет мультфильмларига бўлган ҳуқуқини тўлалигича сотиб олади ва Россиянинг “Бибигон” болалар телеканалига ҳадья қилади.

Алишер Усмоновнинг “Санъат, фан ва спорт” Фонди Франс Халс Старший чизган “Марк евангелист” картинасини сотиб олиб бир вақтлар чет элга олиб кетилган бу машҳур тасвирий санъат асарини Москвадаги Пушкин номли тасвирий санъат давлат музейига қайтариб берди. 

Алишер Усмонов Россия футболи ва футбол ўйинчиларининг ҳам катта ишқибози, шинавандаси, хомийси. 2015 йил у Россия футбол уюшмасига 1 миллард рубллик беғараз ҳомийлик ёрдами кўрсатди. Ундан бироз илгари Россия футбол уюшмасига 400 миллион рубль ўтказиб, терма команданинг аввалги тренери Фабио Капеллога қарз бўлиб қолган 8 ойлик иш ҳақини тўлаб берган эди.

Алишер Усмонов 10 йилдан буён (2008 й.) қиличбозлик бўйича Халқаро федерация президенти. 2014 йил Сочида ўтган ХХII қишки Олимпия ўйинлари ва ХI Паролимпия ўйинларини ташкил этиш ва ўтказиш Кенгашининг аъзоси, Россия олимпиадачиларини қўллаб-қувватлаш васийлик Кенгашининг ҳам аъзосидир.

Тошкентда қиличбозлик секциясига қатнашиб юрган кезлари Алишер бадиий гимнастика бўйича олимпия чемпиони Ирина Виннер билан танишиб қолади. Кейин кўпчиликка маълум бўлишича, суд, қамоқ, айрилиқ... Қамоқда ўтирган пайтида Алишер Иринага бўлган қалбидаги ҳиссиёт оддий бир ҳавас эмас ҳақиқий муҳаббат эканлигини англайди. Ўзи шахсан учрашиб меҳр-муҳаббатини изҳор қилишга имкони бўлмаган Алишер 1980 йили қамоқда туриб яхши кўрган маҳбубаси Ирина Виннерга чиройли гулли рўмолча жўнатади. Бу қадимги урф-одатга кўра йигит кўнглидаги аёл билан турмуш қуриш нияти борлигидан далолат берар эди. Ирина буни қалбан ҳис этади ва ўзи кутаётган воқеа содир бўлаётганини сезиб рози бўлади. Бу машаққатли оғир айрилиқ йиллари кўнгли ўксик Алишернинг ягона таянчи Ирина Виннер бўлди. Улар доимо мактуб ёзишиб, арзу додларини айтиб бир бирини юпатишар эди. Алишер билан Ирина қамоқдан чиққандан кейин никоҳдан ўтишди. Шундай қилиб 1992 йили қиличбозлик устаси Алишер билан Олимпия чемпиони Ирина Виннернинг тўйи бўлиб ўтади.

Спортдан чиққан Усмоновлар оиласи мана ҳозир ҳам катта спорт ишлари билан машғул. Алишер Усмонов қиличбозлик бўйича Халқаро Федерация Президенти бўлса, турмуш ўртоғи Ирина Виннер бадиий гимнастика бўйича Халқаро Федерация Президенти ва Бадиий гимнастика бўйича Халқаро Федерацияси техника қўмитасининг вице-Президентидир.

2016 йили 12,5 миллиардлик мол-мулки бўлган Алишер Усмонов Россиянинг 200 нафар энг бой бизнесменлари қаторидан 3 ўринни олди. 2017 йили унинг маблағи 15,2 миллард АҚШ доллари бўлиб 5 ўринни эгаллади. Бир бизнесмен мол-мулкига тегишли турли рақамларни келтиришимиздан ҳайрон бўлманг, очиқ, расмий, оқ бизнес ана шунақа бўлади. Жаҳондаги иқтисодий силсилалар, инқирозлар туфайли бир гал 20 миллард бўлиб турган капиталингиз шу кунги нефть, газ ёки олтиннинг баҳосига қараб 15 миллиардга тушиб қолиши ёки кўтарилиб кетиши мумкин.

Энди энг сўнгги янгиликлардан биттасига тўхталиб ўтмоқчимиз. 2018 йили баҳорда Тошкентдаги “Ўзбекистон” халқаро форумлар саройида буюк киноактёр, режиссёр, жаҳон "сўзсиз кино"сининг “қироли” деб ном олган машҳур Чарли Чаплиннинг “Катта шаҳар чироқлари” филмининг намойиши бўлиб ўтди. 1930 йиллар жаҳон кинематографиясининг шедеври деб эътироф этилган бу фильм Россия Миллий филармонияси оркестрининг бадиий раҳбари, буюк дирижёр Владимир Спивак раҳбарлигида янграган жонли мусиқа садолари остида намойиш этилди. Мазкур концерт дастури Ўзбекистон Республикаси маданият вазирлиги билан Алишер Усмоновнинг “Санъат, фан ва спорт” Россия фонди томонидан ҳамкорликда ташкил этилди. Мазкур фильм-концент кино санъати энди пайдо бўлаётган ХХ аср бошларидаги маданий муҳитни, у пайтда энди намойиш этила бошлаган дастлабки кино-фильмларни, ўша давр ва муҳитни эслатди.

Сармоядор ватандошларимизнинг инсонпарварлик фаолиятини кўриб хурсанд бўласан киши. Бир ердан, бир элдан бўлганингга, уларнинг ишбилармонлиги, уддабуронлиги, мақсадни аниқ қилиб қўйиши ва унга албатта эришишини, айни бир пайтда қўлининг очиқлигию бағрининг кенглигига ҳавас қиласан, фахрланасан. Гап шундаки, бугун ўз ватани Ўзбекистонга инвестиция киритишни хоҳлаётган хориждаги ўзбеклар битта эмас: Искандар Маҳмудов, Фаттоҳ Шодиев, Алишер Усмонов ана шулар қаторидан ўрин олган. Улар ўз ватанидаги сўнгги оламшумул ўзгаришларни кўриб бир эмас бир нечта лойиҳаларда қатнашишга, эзгу ишлар қилиб ўзлари ҳақида яхши ном қолдиришга ошиқишмоқда.

Ўзбекистонда кўпроқ таниш бўлган, халқ орасида ҳам юқори доираларда ҳам катта обрў-эътиборга эга Алишер Усмонов Тошкентдаги Ислом маданияти маркази қурилишига маблағ ажратиш ниятини борлигини билдирди. Шундай қилиб, бошқа давлатда, ўзга тамаддун ҳукмрон бўлган муҳит-шароитда кўп йиллардан буён яшаётган бўлса ҳам ҳамюртларимиз қалбида Ватанига, ўзлари учун муқаддас бўлган ота макон, она тупроғига содиқлиги, ҳурмати, меҳру муҳаббати сақланиб қолган.

Россиялик ватандошларимиз Бухорои шарифдаги туристлар сайлгоҳи қурилишига Ўзбекистон ҳукумати ва бошқа инвесторлар билан ҳамкорликда маблағ киритиш истагини билдирдилар. Алишер Усмоновнинг маблағи ҳисобига яқин кунларда Бухоро шаҳри ва унинг атрофида 10 гектардан каттароқ бўлган майдонда бутун бир замонавий туристик комплекс - сайилгоҳ пайдо бўлади.

Янги туристик сайлгоҳ Ғиждувон кўчаси ва "Кўхна ва боқий Бухоро" маданий мажмуаси оралиғида жойлашган жойда барпо этилади. Сайлгоҳ майдонида пастқаватли замонавий меҳмонхоналар, маданий-соғломлаштириш ва савдо-кўнгилочар марказларини барпо этиш режалаштирилган. Уларда куну-тун чет эллик сайёҳларга хизмат кўрсатиш ва мароқли ҳордиқ чиқариш таъминланиши кўзда тутилган.

Туристик зонада турли шоулар, ўтмиш воқеалари акс эттирилган театрлаштирилган концерт томошалари намойиш этилади ва фолклор ансамбллари билан бир қаторда замонавий эстрада хонандалари чиқишлари, миллий модалар намойиши ва бошқа томошабоп тадбирлар ташкиллаштирилади.

Янги туристик ҳудуд Интернетга тўлиқ бепул уланиш имкониятини берадиган Wi-Fi - "вай-фай” билан қамраб олинади

Яхши ниятли, бағри кенг, кўнгли ҳам қўли ҳам очиқ одамлар топилса жумлаи жаҳон ёрдам кўрсатаётгандек бўлар экан. Сайлгоҳ – мажмуада катта мулкдорлар учун алоҳида, ўрта ва кичик тадбиркорлар учун алоҳида ва фуқаролар учун ҳам алоҳида шинам, нарҳи ҳам арзонроқ бўлган турли тоифадаги меҳмонхоналар, ресторанлар, миллий совға-салом сувенир дўконлари, бутун бир дам олиш, ҳордиқ чиқариш маркази қурилиши режалаштирилган.

Узоқ йиллар давомида бошқа юртда, бошқа муҳитда фаолият кўрсатган машҳур ватандошларимиз Ўзбекистон учун ниҳоятда муҳим бўлган бугунги кунда ўз ватанининг қувончу ташвишларига шерик бўлиш ниятини билдирмоқдалар. Буни тушинса бўлади, ватандошларимиз қаерда, у Бельгия бўлади-ми, Россия-ми, Қозоғистон-ми ва қандай шароитларда бўлмасин, бугун улар учун киндик қони тўкилган ота-боболари маконига, олтин тупроғига тенг жаннат бўлмаса керак дунёда. Бобо ва момоларининг мозорлари бўлган бу мўътабар-муқаддас ерда уларни авлод-аждодларининг руҳи қўллаб қувватлайди. Боз устига, бельгияликлар жуда хуш кўрадиган "картофель чипси"си ёки "бельгия вафлиси" бўладими, русларнинг пельмени, боршчи-ми ёки қозоқларнинг бешбармоғи-ми, бари-бир сув бўйидаги салқин-сояда жойлашган ўзбек чойхонасида, қозонда, очиқ ҳавою очиқ оловда тайёрланаётган чойхона паловига, буғи чиқиб турган самовар чойига, бу ердаги дўстларининг ҳазилу аскияларига, ширин суҳбатига нима етсин. Ўзбек қаерда бўлмасин бу муҳитни соғинади, қўмсайди, унута олмайди, борган жойидан албатта қайтиб келади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!