Алишер Усмонов муваффақиятининг сири нимада? (2-қисм)

Алишер Усмонов муваффақиятининг сири нимада? (2-қисм)

Давоми. (1-қисмга ушбу ҳаволадан ўтинг)

Спортга катта қизиқиш ва ҳурмат билан қарайдиган бизнесмен (Алишер Усмонов) бугун йирик маданият, санъат ва спорт хомийси, Россиядаги энг қўли очиқ, бағри кенг ва обрўли бизнесменлардан. Таъкидлаш жоизки, ўзбеклар, бойми, камбағалми, ким бўлишидан қатъий назар хайрияга, садақага, хайр-эҳсонга ниҳоятда диққат-эътибор ва масъулият билан ёндашишади, деб ёзади озми-кўпми Ўзбекистонни биладиган бир рус журналисти. Шунга ҳам раҳмат, лекин ўша рус таҳлилчиси қани энди биз билганимизча билса эди. Тўғрида, ислом дини, ҳадиси шариф, миллий урф-одат ҳар бир мусулмон учун муқаддас ҳисобланади. Масалан: Яхшилик қилу сувга ташла, балиқ билади, балиқ билмаса Холиқ билади, дейди халқимиз. Фикримизча, ҳеч бир тилда, халқда, миллатда бундай беназир тарбия кучига эга бўлган мақол, матал топилмаса керак. “Ол, иложи бўлса кўпроқ ол, яшириб ол, ҳеч ким билмасин”, қабилида фаолият кўрсатаётганлар йўқ дейсизми? Лекин бизга етиб келган-ку: етти яшар Аҳмадга (Хожа Аҳмад Яссавий) домласи хўрозни ҳеч ким кўрмайдиган ерда “бисмил” қилиб келинглар, деб тайинлаганда ҳамма синфдошлари сўйилган хўроз олиб келишади, етти ёшли Аҳмад эса хўрозни тирик келтиради ва: “Домла, кечирасиз, хилват жойни топа олганим йўқ, қаерга бормайин Аллоҳ қараб турар эди”, деб айтган-ку.

Оқламаймиз ҳам ёқламаймиз ҳам, лекин ёшликда нималар бўлмайди дейсиз, бунинг устига отанг Республика пойтахти прокурори бўлса. Воқеа эса бундай бўлган эди. Алишер Усмонов 1980 йили тўсатдан КГБнинг юқори лавозимдаги раҳбарларидан бирининг ўғли билан ҳибсга олинади. Улар муттаҳамликда, алдамчиликда, тамагирликда айбланади.

Шу ерда, не жин уриб йўлдан адашган ўспириннинг бир гапини келтириб ўтамиз. “Қўлим орқамда, миршаблар назоратию қарамоғида қамоқхона камерасига кириб борар эканман, ичкарида ўтирганларга хавотир билан бир-бир қараб: “Ўзингнинг отанг қамаганлар билан бир камерада ўтириш осон бўлмаса керак”, деб ўйлаган эдим”, – деб эслайди у.

Воқеаларнинг икир-чикирини билмаймизу, бунга қарийб 20 йил бўляпти, Тошкент шаҳар прокурори лавозимида ишлаган ота ўғлини суддан, узоқ йилларга “кесилиб кетиши”дан олиб қола олмайди. Боз устига ўзи ҳам эгаллаб турган прокурорлик лавозимидан бўшашга мажбур бўлди. Агар жиноят ҳақиқатдан ҳам содир этилган бўлса, шу пайтда ҳам Ўзбекистонда адолат, шарм ҳаё, ҳақиқат бор экан-ку, деган хаёлга борасан, киши. 8 йилга қамалган Алишер Усмонов “қўнғироқдан қўнғироққача” олти йил ўтириб чиқади. Қамоқдан чиққандан кейин Алишер ота-онасига, оиласига, қариндош уруғларига у катта жиноятчи эмаслигини, ҳақиқатдан ҳам у нотўғри иш қилганлигини, адашганлигини, лекин унга нисбатан ҳам ортиқча жазо қўлланилганини исботлашга қаттиқ туриб ҳаракат қилади. Тиним билмай ёзди. Ва ниҳоят... 2000 йилда Ўзбекистон ССР Олий суди томонидан барча айбловлар Алишер Усмоновдан расман олиб ташланади ва у тўла оқланади.

Навбатдаги ҳикоямиз ҳақиқатга қанчалик яқин келишини билмаймизу лекин шу хусусида икки оғиз гап айтмоқчи эдик. Исо пайғамбар ҳаётда номаъқул иш қилиб қўйган ва дилдан эзилиб, ўксиниб, қийналаётган ёш аёлни олдида тиз чўкиб оёғини ювиб покизалайди. Оломон дарғазаб. Шу давр одати бўйича бундай аёл тошбўрон қилиниши лозим эди. Фожиа энди содир бўлай деб турган пайтда Исо алайҳиссалом ғазаби жунбушга келган оломонга қараб:

– Агар кимда ким: “Аллоҳ олдида менинг ҳеч қандай гуноҳим йўқ, мен мутлақ покман, биллурдек тозаман, дея олса, майли шу киши қўлидаги тошни бу аёлга қаратиб отсин, дейди. Бу сўзлардан кейин орага оғир сукунат чўкади. Ва дарғазаб бўлиб турган одамларнинг ёниб турган кўзлари аста-секин сўниб улар ер чиза бошлайдилар. Оломоннинг қўлларидан оёқларининг остига бирин-кетин “дук”-“дук” этиб тошлар туша бошлайди.

Ҳар бир инсон ўзини “мен энг яхши инсонман, энг одил ва энг покиза шахсман” деб ҳисоблайди. Шундай муносабатни яхши, тўғри деб ҳисоблаб, бу инсоннинг ўзига бўлган талаби ва келажак аҳд-режаси, деб англамоқ керак. Лекин ҳаётда қизиқ-қизиқ воқеалар бўлиб туради. Дейлик, Америкадаги энг олий лавозим бўлган - президентликка сайловлар олдидан номзодларнинг ҳар бири ҳақида уларни фош этувчи шунақанги “компромат”лар чиқа бошлайдики, барака топкур “ёзувчилар” бу маълумотларни қаердан олганлигига ҳайрон қоласан киши. Гўё-ки номзод туғилган кунидан бошлаб монархия давлатларидаги валиаҳдлар сингари, султон, қирол бўлиши аниқ ва бўлажак олий ҳазратларининг таваллуд топган кунидан шу кунга қадар табаррук тарихи дақиқама–дақиқа батафсил қоғозга туширилган.

Сайловлар олдидан номзоднинг бола пайтидаги гугурт чақиб шўхлик қилганидан тортиб, то, кечирасизлару чақалоқ пайтида кийимини ҳўллаб қўйганига қадар, барчаси босма ва электрон ОАВда умумхалқ муҳокамасига чиқади. Сайловчилардан ҳам: “Ий-я, биз уни олий табақага мансуб деб юрсак, ахир унинг остини ҳўллаб қўядиган одати бор экан-ку, қандай қилиб у Америка президенти бўла олади, й-ў-ў-қ, буни яхшилаб бир ўйлаб кўриш керак!” дейдиганлар ҳам албатта топилади.

Бошқа лавозимдагиларни қўя турайлигу, йирик ишбилармон, тадбиркор, бизнесменларнинг ҳам ҳар бир хатти-ҳаракати худди катта халқ артистларидек, машҳур созандаю хонанда, олимпия ва жаҳон чемпионлари қатори доимо жамоатчилик диққат марказида туради, халқ тилидан тушмайди. Ҳа, машҳур бўлиш осон эмас. Лекин катта имкониятлар берилган шахснинг сўрови ҳам катта бўлади, деган гап бор. Бу эса шахсдан сабот, матонат, сабр, тоқат, тоза ва тўғри юриш-туришни талаб қилади. Ва бунга тайёр бўлмоқ даркор.

Алишер Усмонов 1971 йил битиручилари, дипломатлари билан жаҳонга машҳур бўлган Москвадаги халқаро муносабатлар институти МГИМОнинг “Халқаро ҳуқуқ” мутахассислиги бўйича бўлажак жаҳонга машҳур ўзбек бизнесмени Искандар Маҳмудов, Россия президенти Ельциннинг матбуот котиби Сергей Ястржембскийлар билан бирга бир курсда таҳсил олади ва 1976 йили уни битириб чиқади. Лекин Алишер Усмоновнинг ўзи олган илми, билими ҳажми ва таълим даражасини келажакдаги ҳаёти ва шахсий режаларига етарли деб ҳисобламайди. У ўқишда, яна бир янги мутахассисликка эга бўлишни истаб қолади. Ва Россия Федерацияси Ҳукумати қошидаги Молия академиясига кириб ўқийди. Энди у рус тилига қўшимча яна инглиз, француз тилларини ҳам пухта ўрганган, уларда бемалол гаплаша оладиган Банк иши бўйича мутахассис бўлиб чиқади.

Ўзида, ирсида, қонида деймизми, қандайдир бир ажойиб хислати, фазилати бор бўлган одамни ҳаёт силсилаларию тасодифлари қанчалик ўртага олмасин, қийнамасин у барибир ниш уриб, бўй-бастини борлиғича намоён этар экан. Шундай бўлди ҳам.

Озодликка чиққандан кейин яхшиямки, қўлида касби бор бўлган Алишер пухта ўрганган ва яхши биладиган араб тилидан ўзбек ва рус тилларига матнлар таржима қилиб ундан топган маблағига кун кўрди. СССР Фанлар академиясининг Андижондаги Физика институти лабораториясида патентлар бўйича мутахассис бўлиб ишлади. Чет тилларини билгани бу ерда ҳам жонига оро кирди. Бўлажак миллиардер, хориждан келган бой сайёҳларни Фарғона водийси, республика бўйлаб сафарга олиб чиқар, сайр қилдирар, Помир тоғларида улар учун махсус ов ташкил қилар эди. Бу қизиқарли, даромадли, яхши бўлсаям, бари бир Алишер ўйлагандек, унга мос иш эмас эди. Изланишда у давом этади.

Москвада МГИМОда ўқиб юрган кезлари орттирган танишлари ёрдамида Алишер Усмонов Москвага қайтиб боради ва Тинчликни ҳимоя қилиш совет қўмитасининг ташқи иқтисодий алоқалар ассоциациясида ишлай бошлайди. Айни бир пайтда хусусий тадбиркорлик билан шуғулланади. Озодликка чиққандан кейин Алишер давлат ишига қайтишни хоҳламади. Қайта қуриш даври эса унга ўхшаган кишиларга хусусий тадбиркорликни юритиш учун катта имкониятлар очиб берган эди. Ўзбекларда яхши бир гап бор. Тирикчилик айб эмас, дейишади. Алишер ўзининг дастлабки бизнесини полиэтилен пакетларини, ҳа... ҳа.., полиэтилен пакетларини ишлаб чиқаришдан бошлади. 1987 йили у Россиядаги Раменский пластмасса заводи базасида “Агропласт” кооперативини ташкил қилади. Шундан сўнг тамаки маҳсулотлари савдоси билан шуғулланади. Лекин кўп ўтмай тамаки инсонлар соғлиғига зиён етказади, деб бу бизнесидан воз кечади.

Ўзидан қониқмаслик ҳисси, меҳнатдан қочмаслик, мақсадга қараб қаттиқ интилиши, малакасини муттасил ошириб борганлиги туфайли у аста секин лавозимлар пиллапоясидан кўтарила бошлайди. 1990 йили Алишер Усмонов “Интеркосмос” Ёпиқ акционерлик жамияти бош директорининг биринчи муовини лавозимида ишлади. Сўнгра “Биринчи мустақил рус банки” директорлари Кенгаши таркибига киради ва 1993 йили МАПО - Москва самолётсозлик ишлаб чиқариш бирлашмаси банкининг ҳаммуассиси бўлади.

Ёшлигидан қиличбозлик билан шуғулланган Алишер Усмонов спортни унутгани йўқ. Таниқли тадбиркор, бизнесмен 2007 йилдан бошлаб Англиянинг “Арсенал” футбол командаси акцияларини сотиб олабошлади. 2009 йилга келиб эса унинг қўлида машҳур инглиз футбол командасининг тўртдан бири - 25 фоиз акциялари тўпланди.

Маълумки, полвон, курашчи, спортчи, ўзининг устида тинмай ишламаса бирон бир ютуққа эришиши қийин. Бизнесмен ҳам худди шундай, у рақиблари билан курашиши, улардан ақлли, чапдаст ва зўр бўлиши керак эди. Агар спортчи феълу табиатига эга бўлиб, Москвадаги МГИМОдек машҳур олий ўқув юртини битирса, хорижий тилларда бемалол гапириша олса борми, ундай кишилардан Алишер Усмоновдек, Искандар Маҳмудовдек жаҳонга машҳур бизнесменлар чиқишини ҳаёт кўрсатиб турибди.

Давоми бор, сайтимизни кузатиб боринг.

Ирисмат Абдухолиқов, ЎзА

 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!