Алишер Усмонов муваффақиятининг сири нимада?

Алишер Усмонов муваффақиятининг сири нимада?

Хорижий давлатларда муваффақиятли ишлаб юрган юқори малакали олим, врачлар, салоҳиятли инвесторларни юртимизга таклиф этиб, ўз билим ва тажрибасини ватанимиз равнақи йўлида ишлатиш учун барча шароитларни яратиб бермоқдамиз. 

Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Республикаси Президенти
 

(Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан ўтказилган тантанали йиғилишдаги нутқидан. 2018 йил 7 март) 
 

Муваффақиятнинг тарихи ва тарифи

Блумберг агентлигининг (АҚШ) берган хабарига қараганда Алишер Усмонов Майкрасофт компаниясининг асосчиси Бил Гейтс билан бошланадиган дунёнинг 100 нафар энг бой кишилари қаторидан ўрин олган.

Алишер Усмонов 65 ёшда. У Наманган вилоятининг Чуст шаҳрида таваллуд топган. Тадбиркор. Россиядаги “USM (Усмонов) Holdings” компаниясининг асосчиси.
“Йўқ, бу ишни қилиш мумкин эмас, бизга бу тўғри келмайди, улар мутлақо бошқа-бошқа нарса деб турганида Алишер Усмонов шу ишни қилса бўлади!”, дейди, шу ишни бажаради ва айтган гапининг устидан чиқади. Бу унинг ҳаётда тўплаган бой тажрибасидан ташқари иродасидан, кўпқиррали қобилияти, феълу-атворидан дарак беради ва ҳаётнинг тасдиқлаши бўйича, тадбиркор табиатидаги бу хислат унинг катта муваффақиятларининг асоси ва гарови бўлиб хизмат қилмоқда. “Мен барча ишларни, бутун-бутун компанияларни синчковлик билан ипидан игнасигача жуда пухта ўрганаман. Одамларга ишонаман маъқул бўлган пайтда, менинг талабларимга тўғри келадиган одамга ҳамма нарсамни ишониб топширишга тайёрман. Сабот, матонатдан ташқари ҳиссиётларга бериладиган одатим ҳам йўқ эмас”.

Алишер Бурхонович Усманов у ёки бу воқеа хусусида бирон-бир фикр билдирадиган бўлса, одатда унинг ўзига хос фикри, муносабати атрофидагиларнинг эътиборисиз қолмайди, гапи-сўзининг таъсир кучи катта, сезиларли бўлган Россиянинг энг бадавлат миллиардер тадбиркорларидан ҳисобланади, дейишади уни билганлар.

Американинг “Форбс “ журнали чоп этила бошлаганига 10 йил тўлиши муносабати билан: “Россияда ким яхши яшайди?” деб 2013 йили ўтказилган савол-жавобда бундай кишилардан Россияда 200 нафари борлиги маълум бўлган. Рўйхат Алишер Усмонов номи билан бошланади. “Металлоинвест” ҳаммуассиси Усмонов 17,6 миллиард доллар мол-мулкка эга, деб қайд этилади журнал саҳифаларида. Алишер Усмонов икки йилдан буён Форбс журналидаги рус мулкдорлари рейтинги рўйхатининг биринчи ўрнида турди. Усмонов кетидан “Альфа-групп”нинг ҳаммуассиси Михаил Фридман, ундан кейин “Новатэк”нинг ҳаммуассиси Леонид Михельсон, ана ундан кейин Виктор Вексельберг, “Лукойл” президенти Вагит Алекперов, “абадий бўйдоқ” деб ном чиқарган Михаил Прохоров. Етти боланинг отаси Роман Абрамовичлар туришади. Кўп болали ота - (Абрамович)нинг устидан ҳазиллашиб болалар бошини кўпайтираман деб, бизнесда орқада қолаётган Роман Абрамович ўзининг 10 миллиард 200 миллион доллари билан бу рўйхатда 13-ўринга тушиб қолибди.

“Виждон пулнинг қули бўлмаслиги, энг муҳими, пул виждонни сўндирмаслиги ҳам, ўлдирмаслиги ҳам керак. Виждоним билан келишган ҳолда ҳамоханг яшайман. Бу менинг ҳаётдаги бош ва муҳим мақсадим. Мен ҳаммавақт бир нарсани қайтаришдан толмайман. Ўз хохиш-ихтиёрим билан эмас, таъсир деймизми, тазйиқ остида деймизми, тасодифан бизнесмен бўлиб қолганман”.

"Гапнинг каламуллосини айтадиган бўлсак, пул, маблағ ёки даромад ҳаётимнинг асл мақсади эмас. Турли давлат ва нодавлат радио, газета, телевидение ёки Интернет эълон қилаётган рейтинглар бой-бадвалат бизнесменларнинг асл ҳолати ҳақида аниқ маълумот бермайди”, дейди Алишер Усмонов.

Шу ерда мультимиллионер ёки миллиардер Алишер Усмонов ўзининг бош мақсадини, ҳаётий шиорини эълон қилгандек бўлди: Гап шундаки, бизнесменнинг бутун молу мулки унинг умр бўйи ўзи учун, яқин кишилари учун, хайр, садақа учун, яъни ҳомийлик йўлида сарф қиладиган харажатларнинг йиғиндиси билан ўлчанади. Қолган маблағи уники эмас. Маблағларим мени янги-янги ишларга, лойиҳаларни амалга оширишга чорлайди. Каттадан-катта ижтимоий лойиҳаларни рўёбга чиқариш, ҳаётга тадбиқ этиш имконини беради. Мен яқин орада “Санъат ва спорт” хайрия фондимни ўзимнинг бош ташкилотим деб ҳисобласам керак, дейди жаҳонга машҳур тадбиркор. Тадбиркорнинг бу гапини унчалик англай олганимиз йўқ. Бу гапидан у нима ишбилармонликни ташлаб фақат спорт ва ҳомийлик билан шуғулланмоқчими? Яна билмадик. Ҳар холда унинг шундай фикри, нияти ҳам йўқ эмас.

Хорижлик бизнесменларнинг таъкидлаши бўйича, Ўзбекистонда ишбилармонлик, тадбиркорлик билан кенг кўламда шуғулланиш имкониятлари чорак асрдан буён мана энди рўёбга чиқа бошлади. Мамлакат иқтисодиётини равнақ топтириб, халқ турмуш шаритини кўтаришга хизмат қиладиган бу хосиятли жараённинг кўпчиликка, айниқса жаҳон ҳамжамиятига тушунарли қонун-қоидалари ишлаб чиқилиб ҳаётга тадбиқ этилмоқда.

Ҳа, ўтган йиллар мобайнида қанчадан-қанча имкониятларни қўлдан бой бердик, аччиқ бўлса ҳам бу гинаю андуҳ, эътирозу танқидни тан олишдан бошқа иложимиз йўқ. Ахир раҳбариятимизнинг халқ дардига қулоқ тутиб, камчиликларни эътироф этиб, тавба-тазарруга қодир эканлиги туфайли, шунингдек, ер ости ва ер усти бойликларимиз, айниқса кўп йиллик бой тажрибамиз, меҳнаткаш халқимиз борлиги учун ҳам бутун жаҳон бугун Ўзбекистондаги ўзгаришларга фавқулодда бир катта қизиқиш билан қарамоқда, инвестициялар кириб келяпти, янги турар жойлар қурилиб, маъдан конлари очилиб, улкан саноат корхоналари қад кўтармоқда, ноёб Тошкент-сити халқаро бизнес-маркази барпо этилмоқда. Тадбиркорлик учун янги муҳит, қулай шароит яратиляпти, ишга ёндашув ва ундаги сиёсат ўзгариб жаҳонга машҳур Ўзбекистон фарзандларининг ўз ватанига қизиқиши, илгари сўнмаган бўлса ҳам, янада ортиб бормоқда.

Биргина мисол. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Москвага қилган ташрифи чоғида имзоланган битимларга асосан Ўзбекистонга 12 миллард долларга инвестиция киритилди. Фақат савдо бўйича имзоланган контрактлар умумий баҳосининг ўзи 3,8 миллирад АҚШ валютасини ташкил қилди. Россия билан Ўзбекистон ўртасида илгари товар айрибошлаш 4 миллард доллар бўлган бўлса, энди бу рақам яна бир миллиардга ортиб, 5 миллиард долларга етказилади.

Ўзбекистон шахдам қадам ташлаб, катта суръатлар билан ривожланаётган бугунги доруломон кунларда Россияда яшайдиган ва, бир дақиқа бўлса ҳам, ватанини унутмаган ҳамюртларимизнинг ўз ватанига, она-ерига қизиқиши ортди. Улар Ўзбекистонда бўлаётган ўзгаришларда иштирок этиш истакларини билдиришмоқда. Москва ОАВларининг хабарига қараганда наманганлик жаҳонга машҳур бизнесмен Алишер Усмонов Россия билан Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашга йўналтирган ҳатти-ҳаракатларини анча фаоллаштирган.

Алишер Усманов... Россияда истиқомат қиладиган жаҳонга машҳур ўзбек бизнесмени. Ҳозир у ўзининг номидаги “USM Holdings” компаниясининг 48 % акциялари пакетига ва Байкалдаги “Металлоинвест” тоғ-кон компаниясига эга. Шунингдек, Усмоновнинг “Новый (янги) медиа холдинг”, “Коммерсантъ” нашриёт уйи, “Химки Групп” девелопментида ҳам салмоқли улуши бор.

Алишер Усмонов 1953 йили 9 сентябрь куни Чуст шаҳрида туғилган. Унинг оиласи камбағаллик нима эканлигини билмайдиган оилалардан эди. Отаси Тошкент шаҳар прокурори бўлиб ишлаган. Унга болалигидан истаган нарасини муҳайё этишарди. Бой оиланинг тўқ болалари катта бўлганида ким бўлиши масаласи жуда бахсли ва номаълум. Ўзига тўқ камчилиги йўқ оилалардан ким-қанча ва қандай одамлар чиқмади, дейсиз?!

Оила бошлиғи Бурхон ота Усмонов қаттиққўл, болаларнинг кўнглига қараб ўтирмайдиган талабчан киши бўлиб оилада ҳам, дўстлари орасида ҳам катта ҳурматга сазовор бўлган киши эди. У ўғлининг ўқишга ва спортга бўлган қизиқишини кўриб уни қўллаб-қувватлади. Ёғочдан йўнилган қилич билан қиличвозлик қилаётганини кўриб эса унга керакли бўлган барча спорт асбоб ва анжомларини сотиб олиб беради ва фехтование секциясига бориб ёздиради.
Алишер спорт билан шунчаки ҳазилакам эмас балки жиддий равишда шуғуллана бошлади ва ҳамма бўш вақтларини спорт машғулотларида ўтказди. У тез орада севган спорт тури бўйича жиддий натижаларни қўлга кирита бошлади ва спорт оламида мусобақаларда қиличвозлар орасида доимо ғолиб чиқадиган Алишер исмли ёш бола пайдо бўлади. Ярим йил ўтар-ўтмас у Республика ўсмирлар терма командаси таркибига олинди. Бир нечта жиддий рақиблар билан ўтган ғалабаларидан сўнг эса СССР терма командасига олинди. Чустлик ўспирин кўп ўқийдиган романтик бола эди. У ёшлигида француз ёзувчиси Александр Дюманинг машҳур “Уч мушкетёр” – (“Уч қиличбоз”) романини ўқиб спортнинг қиличбозлик тури - фехтование билан шуғулланишга қарор қилади. Икки йил машқдан сўнг ёш қиличбоз Алишер Усмонов Республика терма командасига қабул қилинади. Кўп ўтмай у ўз касбининг устаси – спорт мастери унвонини олади. Бу билан у қониқмайди. Бу соҳада янада юқорироқ натижаларга эришиш учун у қаттиқ ҳаракат қилади ва энг ёш моҳир қиличбоз сифатида СССР терма командаси мусобақаларида қатнаш ҳуқуқини қўлга киритади.

Manba: uza.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!