2022-йилда хизмат кўрсатиш соҳасидаги ўсиш 15,9% ни ташкил этди

2022-йилда хизмат кўрсатиш соҳасидаги ўсиш 15,9% ни ташкил этди

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) экспертлари томонидан 2022-йилда Ўзбекистон ҳудудларида хизматлар соҳасининг ривожланиши ўрганиб чиқилди.

Ўрганишлар 2022-йилда хизматлар соҳасининг жадал суръатларда ривожланганлигини кўрсатди. Соҳадаги ўсиш 2021-йилдагига нисбатан 15,9% ни ташкил этди. Бу кўрсаткич асосан алоқа ва ахборотлаштириш, таълим, яшаш ва овқатланиш, кўчмас мулк, ижара, транспорт ҳамда молиявий хизматлар каби йўналишлардаги сезиларли ўсиш (112%-129,5%) ҳисобига таъминланди.

Аҳолининг реал даромадлари юқори бўлган Тошкент шаҳри билан бир қаторда, Наманган, Бухоро, Жиззах вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида ҳам хизматлар соҳасида юқори ўсишга эришилди. Бутун мамлакатдаги каби бу ҳудудларда ҳам асосан молиявий хизматлар ҳамда алоқа ва ахборотлаштириш хизматларига талаб юқори бўлди.

Андижон ва Сирдарё вилоятларида хизмат кўрсатиш соҳасидаги ўртача ўсиши суърати (112,5%-113,0%) бироз пасайди. Бунга мазкур ҳудудларда хизмат кўрсатиш соҳасининг асосий йўналиши бўлган савдо ва транспорт хизматларининг (жами хизматлар ҳажмидаги улуши мос равишда 50,6% ва 38,2%) ўсишидаги секинлашиш сабаб бўди.

Мамлакат ҳудудларида хизматлар соҳасида қандай таркибий ўзгаришлар рўй берди?

Биринчидан, 10 та ҳудудда ЯҲМ таркибида хизматлар соҳасининг улуши ортиши таъминланди (ЯИМ таркибидаги улуши 2021-йилдаги 39,6% дан 2022-йилда 41,5% га ортди).

Маълумот учун: Россия Федерациясида ЯИМ таркибида хизматларнинг улуши 68%, Қозоғистонда 64%, Беларусда 59%, Жанубий Кореяда 60% ва ривожланган давлатларда 74% дан юқори.

Ҳудудлараро тафовутларни (Тошкент шаҳрини ҳисобга олмаганда) 2,0 баробардан 1,9 баробаргача қисқартиришга эришилди.

Аксарият ҳудудларнинг (8 та ҳудуд) республика бўйича хизматлар ҳажмидаги улуши (Тошкент шаҳрини ҳисобга олмаганда) ортди.

Ҳудудларда хизматлар соҳасининг ривожланиш даражаси қандай?

Мамлакатнинг кўпгина ҳудудларида (7 та ҳудуд) аҳоли жон бошига тўғри келадиган хизматлар ҳажми 5-6 млн. сўм оралиғида бўлиб, Навоий, Тошкент ва Бухоро вилоятларида бу кўрсаткич 7,9-10,0 млн. сўмни ташкил этди.

Тошкент шаҳри 47,2 млн. сўмлик кўрсаткич билан бу йўналишда ҳам етакчи мавқега эга.

Умуман олганда, хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар бир томондан, бандликни, шу жумладан, ўз-ўзини банд қилиш ва аҳоли даромадларини оширишнинг асосий омили ҳисобланса, бошқа томондан, ҳудудлар иқтисодий ривожланишининг потенциал драйвери бўлиб хизмат қилади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!