Сирдарёда шифокор курсдошларини гиёҳвандлик модда истеъмол қилишга ундаб келгани маълум бўлди
Ҳеч кимга сир эмас, дунёда шундай иллатлар борки, инсон сиҳат-саломатлигига зарб бериб, унинг ҳаётини хазонга айлантириб, юбориши ҳеч гап эмас. Гиёҳвандлик балоси шундай шафқатсиз иллатлар сирасига киради. Гиёҳвандликка мубтало бўлган кишининг, аввало, асаб тизими ишдан чиқади, руҳий ва жисмоний саломатлигига жиддий путур етади. Унинг ижтимоий фаолияти, яъни меҳнат қобилияти кескин бузилади.
Бу аср вабосига шифокорлар ҳам курашиши ўрни алоҳида бўлса-да, айрим шифокорлар буни олдини олмасдан, аксига тарғиб қилиш ҳолатлари ҳам учраб турмоқда.
Яқинда очиқ суд мажлисида гиёҳвандик воситасини сақлаш ва гиёҳвандлик воситаларини истеъмол қилишга ўз кўрсдошларини жалб қилган шифокорга нисбатан жиноят иши мазмунан кўриб чиқилди. Иш ҳужжатларига кўра, Ш.Шералиев Фурқат туман тиббиёт бирлашмаси шифокори лавозимида ишлаб келиб, Фурқат тумани ҳудудида оқиб ўтувчи зовурдан ўсиб турган гиёҳвандлик воситасини териб олиб, ўз ёнида сақлаб келган.
Шу тариқасида Ш.Шералиев курсдошларини йўқлаб, 2021 йил 22 май куни Сирдарё вилоятининг Гулистон туманига меҳмондорчиликка келиб, курсдошлари билан дарё бўйида ўтиришади, шу куни соат 22:15 ларда, Гулистон тумани ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган “Қорадори-2021” тадбири давомида Гулистон тумани, Олтин водий маҳалласида жойлашган Гулистон сув иншоотлари ва Дўстлик канали Бошқармаси Дўстлик-2 участкаси ҳудудида 2020 йил июль ойидан бошлаб ўзида сақлаб келган мазкур гиёҳванд моддани истеъмол қилиб, фуқаролар С.Абдуллаев ва А.Зокировни истеъмол қилишга жалб қилганлиги аниқланган.
Гулистон туман ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тадбирда судланувчи Ш.Шералиев ҳамда С.Абдуллаев ва А.Зокировлар ўтирган жойдан оқ рангли полиэтилен пакетда гиёҳванд ўсимлигига ўхшаш модда, бир дона 0,5 литр ҳажмли “Niagara”, бир дона 0.5 литр ҳажмли “Montella”, ҳамда бир дона 0.45 литр ҳажмли “Tuborg” ичимликлари идишлари, бир дона баклашка елим қопқоғи, бир дона метал санчқи, тўрт дона фальга қоғози бўлаклари тегишли ҳужжатлар асосида расмийлаштирилиб, ашёвий далил сифатида олинган.
Судга оид кимёвий экспертизасининг 2021 йил 27 май кунидаги №592-сонли хулосасида олинган ўткир ҳид таратувчи ўсимлик моддаси таркибида фаол гиёҳванд модда тетрагидроканнабинол мавжуд бўлиб, бу модда “Марихуана” деб аталиши ва унинг умумий оғирлиги 4,32 граммга тенглиги кўрсатилган.
Судга оид кимёвий экспертизасининг 2021 йил 24 май кунидаги №146-сонли хулосасида, Ш.Шералиевдан олинган лаб, кафт суртмалари текширувдан ўтказилганда, каннабиноидлар топилганлиги кўрсатилган.
Судга оид кимёвий экспертизасининг 2021 йил 24 май кунидаги №147-сонли хулосасида, С.Абдуллаевдан олинган лаб, кафт суртмалари текширувдан ўтказилганда, каннабиноидлар топилганлиги кўрсатилган.
Судга оид кимёвий экспертизасининг 2021 йил 24 май кунидаги №148-сонли хулосасида, А.Зокировдан олинган лаб, кафт суртмалари текширувдан ўтказилганда, каннабиноидлар топилганлиги кўрсатилган.
Суд, мазкур ишни кўриб чиқиб, барча ҳолатларни инобатга олиб, тўпланган далилларга баҳо бериб, Ш.Шералиевга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 276-моддаси 1-қисми ва 274-моддаси 2-қисми “в” банди билан ЖКнинг 59-моддасига асосан 3 йил 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазосини тайинлади.
Хулоса қилиб айтганида, Ш.Шералиев ноқонуний қилмиши учун нафақат судланди, эл орасида ҳам уятга қолди, унинг қинғир ишлари яхшиликка олиб бормади, ахир бунинг ўрнига ўзи шу иллат билан курашиш лозим эдику.
Бахтиёр Мамадаминов,
Сирдарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси