Ўзбекистонда ёшлар учун амалдаги имтиёзлар 11 тадан 25 тага кўпайтирилади

Ўзбекистонда ёшлар учун амалдаги имтиёзлар 11 тадан 25 тага кўпайтирилади

Айни вақтда Президент Шавкат Мирзиёев "Ёшлар куни"га бағишланган байрам тадбирида нутқ сўзламоқда.

Давлатимиз раҳбари дастлаб Янги Ўзбекистоннинг барча ёшларини байрам билан табриклади.

“Албатта, сизлар билан учрашиш, кўнглингиздаги эзгу орзу ва режаларингиз билан ўртоқлашиш, таклиф ва ташаббусларингиз ҳақида эшитиш менга доимо қувонч ва ғурур бағишлайди",-дейди Ўзбекистон етакчиси.

— Ҳозиргина президент ва ижод мактаблари ўқувчилари, Янги Ўзбекистон университети талабалари, ёш олим ва ижодкорлар, дастурчилар, спортчилар ва тадбиркорлар билан гаплашиб, бир нарсага қатъий амин бўлдим. Бугунги ёшларимизнинг салоҳияти, дунёқараши, билдирган таклиф ва ташаббуслари, мустақил фикрлаши, келажак ва Ватан ҳақида, ўзининг жамиятдаги ўрни ва масъулияти ҳақидаги қарашлари барча ота-оналар, устоз-мураббийлар қаторида мени ҳам чексиз қувонтиради.

Давлат раҳбари сўзида давом этаркан, ёшлар билан ишлаш бўйича мутлақо янги тизим яратишга эришилганини, маҳаллаларда 9,5 минг нафар ёшлар етакчилари ўз фаолиятини бошлаганини, ҳозирга қадар “Ёшлар дафтари”га киритилган 700 мингдан ортиқ йигит-қизлар муаммоларини ҳал этишга 650 миллиард сўм йўналтирилганини таъкидлайди.

"18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ўғил-қизларимизнинг масалаларини ҳал этиш мақсадида жорий қилинган “Ёшлар дафтари” тизими амалда ижобий натижалар бермоқда. Лекин, шуни ҳам унутмаслик лозимки, ёшларнинг дунёқараши, уларнинг муайян бир касбга бўлган қизиқиши 14 ёшидан, яъни мактаб давриданоқ шаклланади. Шу боис, бундан буён 14-17 ёш оралиғидаги 3 миллион нафарга яқин ўғил-қизларимизга ҳам, “Ёшлар дафтари”да кўзда тутилган имтиёз ва енгилликлардан фойдаланиш имконияти яратилади",-дейди президент

Маълум қилинишича, назарда тутилган амалдаги имтиёзлар 11 тадан 25 тага кўпайтирилади.

Ушбу дафтарга киритилган замонавий касблар, ахборот технологиялари ва хорижий тилларни ўрганиши учун ҳар бирига ойига 1 миллион 200 минг сўмдан субсидия берилади.

Шунингдек, ёшларга илм-фан, спорт, санъат ва маданият йўналишларидаги тўгараклар учун 6 ой давомида 300 минг сўмдан пул тўланади.

Уларга ушбу йўналишлар бўйича:

  • маҳаллий олимпиадаларда қатнашиш харажатлари учун 1 миллион 200 минг сўмдан;
  • нуфузли халқаро олимпиадалар учун – 12 миллион сўмдан маблағ ажратилади.

“Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган оилаларнинг фарзандлари учун йилда бир маротаба мактаб формаси ҳамда ўқув қуролларини сотиб олиш харажатини давлат ўз зиммасига олади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!