Ўзбек оилалари Туркиядаги зилзилада оиласидан айрилган гўдакларни асраб олса бўладими?
Бугун, дунё эътибори Туркия ва Сурия давлатларига қаратилди. 6 февраль саҳарда юз берган даҳшатли зилзила ҳар икки давлатда сон-саноқсиз талофатларни юзага келтирди, Сурияда бир шаҳарча бутунлай йўқ бўлиб кетди. Қардош Туркияда эса 5000 дан ортиқ бино вайрон бўлди, ҳозирга қадар вайроналар остидан ҳалок бўлган, шунингдек, жони омон қолганлар олиб чиқилмоқда. Айни пайтдаги сўнгги маълумотларга кўра, Туркияда қурбонлар сони 16 546 нафарга, жароҳатланганлар сони 66 132 нафарга етди. Сурияда ҳам қурбонлар сони 3 мингдан ошди.
Қардош Турк халқининг бошига келган бу кулфат Ўзбекистон халқини ҳам қайғуга солди. Бугун ўзбек халқи ўз қардошлари дардига шерик: уларга ҳамдардлик билдирмоқда, руҳини кўтармоқда, қўлидан келган ёрдамни беришга шошмоқда.
Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонасида тазия дафтари очилди. Ўзбекистон аҳолиси жабрдийда миллатга ҳамдардлик билдириб, элчихонага келишмоқда, таъзия изҳор этишмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев ҳам Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонасига ташриф буюриб, Турк халқига яна бир бор ҳамдардлик билдирди.
Маълумотларга кўра, Туркия ва Сурияда асосий талофатларни келтириб чиқарган мазкур зилзила сўнгги 100 йилликдаги энг даҳшатли зилзила бўлди. Айни пайтда, бир қанча манбаларда зилзила сунъий яратилгани айтилди. Туркиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Олган Бекарга кўра эса бу табиий офат.
"Туркияда зилзила жуда катта масштабда — 200 квадрат км. ҳудудда содир бўлди. Бизнинг макмлакатда 10та ҳудудда, бундан ташқари бир нечта чегарадош давлатларда ҳам турли талофатларни келтириб чиқарди. Бу табиий офат, бунақа зилзилани уюштириб бўлмайди. Бу ҳақдаги тарқалаётган хабарлар ва тахминлар ҳеч қандай асосга эга эмас. Туркиянинг бу ҳудудлари азалдан сейсмик фаол ҳисобланади, фақат бу гал жуда қаттиқ бўлди. Иншаоллоҳ, мамлакат тез орада ўзини қайта тиклаб олади", - деди Элчи жаноблари.
Ижтимоий тармоқларда зилзила сабаб яқинларини йўқотган, жони омон қолган болалар ҳақида лавҳалар кенг тарқалди. Ўзбекистонликлар томонидан зилзила оқибатида ота-онасини йўқотган болаларни асраб олиш бўйича кўплаб таклифлар ва хоҳишлар ёзилмоқда. Туркия элчиси мазкур масалага ҳам муносабат билдирди.
"Болаларни асраб олиш - бу ҳуқуқий масала, бу ЮНИСЕФ томонидан кўриб чиқилади. Бироқ ҳозир бу муҳим эмас, ҳозир имкон қадар одамларни қутқариш, уларга тиббий ёрдам кўрсатиш биринчи ўринда. Аммо, ўзбек халқининг шундай муносабатда бўлиши ҳам, икки халқнинг нақадар яқин бир бирликда эканлигидан далолатдир", - деди Туркия элчиси.
Manba: darakchi.uz






