Туркиянинг бойкоти Исроил бозорларига ҳақиқий зарба берди

Туркиянинг бойкоти Исроил бозорларига ҳақиқий зарба берди

Туркия билан савдо алоқалари узилганидан кейин Исроилда мева-сабзавот нархлари сезиларли даражада ошиб кетди.

Хабарингиз бор, Туркия Ғазо секторидаги қирғинга жавобан Исроил билан савдо келишувларини тўхтатган. Маҳаллий бозорларда сабзавот ва меваларнинг нархи том маънода кўтарилганида, Исроил истеъмолчилари бу қадамнинг оқибатларини тезда ҳис қилди. Иорданиядан келаётган озиқ-овқатларда вабо аниқланганишу Туркиянинг бойкоти билан қўшилиб вазиятни янада қийинлаштирди. Шу ўринда, помидор ва бодринг каби маҳсулотларнинг ярми Туркия ва Иорданиядан Исроилга келганини алоҳида таъкидлаш лозим.

2 май куни Ғазода қирғин бошланганидан бери биринчи марта Исроилга 54 та товар гуруҳини экспорт қилишга чекловлар қўйган Туркия савдо вазирлиги Ғазо секторига гуманитар ёрдам тўсиқсиз келгунига қадар яҳудий давлати билан барча савдо битимлари тўхтатилишини эълон қилди.

Анқаранинг қароридан сўнг Исроил Ташқи ишлар вазири Исраэл Кац қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини муқобил етказиб беришни қидириб, маҳаллий ишлаб чиқариш ҳамда бошқа мамлакатлардан мева ва сабзавотлар импортига эътибор қаратишини айтди. Бироқ Исроилга Туркиядан кейин иккинчи йирик мева-сабзавот етказиб берувчи Иордания сув ресурсларида вабо бактериясининг топилиши Аммандан импортнинг тўхтатилишига олиб келди.

Исроил матбуотига кўра, Анқаранинг бойкот қилиши бозорларга жиддий зарба берган. Туркия билан бўлган инқироз туфайли импортчилар маҳсулотларни нархлари анча юқори бўлган узоқроқ мамлакатлардан сотиб олишга мажбур бўлгани таъкидланган. Шунингдек, Ғазодаги ўн ойлик уруш ишчи кучи танқислигига олиб келгани, ғайритабиий даражада юқори ҳароратлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш харажатларини оширгани қайд этилган.

Исроилда қимматлашган маҳсулотлар рўйхатига қалампир, помидор ва бодринг киради. Исроил Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг ҳафталик ҳисоботига кўра, сўнгги икки ҳафта ичида қалампир нархи бир килограмм учун 7,90 шекелдан 10 шекелга кўтарилган, помидор ва картошканинг ўртача нархи эса 2 шекелни ташкил этган.

Статистик маълумотларга кўра, ўтган ҳафтада бодринг нархи 21 фоизга, нок 27 фоизга, узум 19 фоизга ошган.

Исроил Ўсимлик ва қишлоқ хўжалиги жамиятлари кенгаши Нетаняху ҳукуматидан деҳқончилик харажатларини камайтиришга ёрдам берадиган молиявий ёрдам сўради. Август ойи бошида маҳаллий ОАВ Исроил автомобиль бозори ҳам авваллари энг йирик экспортчи давлатлардан бири бўлган Туркиянинг бойкот қилиши сабабли жиддий муаммоларга дуч келгани ҳақида хабар берган эди.

Эслатиб ўтамиз, савдо тўхтатилишидан олдин Исроил ва Туркия ўртасидаги йиллик савдо ҳажми тахминан 235 миллиард турк лирасини ташкил қилган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!