Сурхондарёда шифокорнинг бир бармоқ ишораси бир миллион сўмми?

Сурхондарёда шифокорнинг бир бармоқ ишораси бир миллион сўмми?

А.Ҳамидов Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг (РШТЁИМ) Сурхондарё вилоят филиалида жарроҳ бўлиб ишларди. У манфаат кўриш мақсадида ўзининг хизмат вазифасига кирадиган муайян ишни бажариш ёки хизмат кўрсатиш эвазига товламачилик йўли билан ҳақ талаб қилиб, оқибатда ҳам­касб­лари олдида боши эгилди.

Жорий йилнинг июнь ойида фуқаро М.Абдуғаниева РШТЁИМ филиалига ўт пуфагида қаттиқ оғриқ ҳис қилаётганлигидан шикоят қилиб келади. Буни эшитган Анварнинг «кафти қичишиб кетади» ва беморни дарҳол палатага жойлаштиради. Беморни тегишли тиббий кўрикдан ўтказади ва ўт пуфагида тош борлигини айтиб, уни олиб ташлашдан бошқа чора йўқлигини тушунтиради. Бемор жарроҳлик операциясига рози бўлгач, А.Ҳамидов бармоғи билан бир ишорасини қилади. Ишоранинг қийматини 100 минг сўм, деб тушунган бемор, шифокорнинг «бир миллион сўм бўлади», деган гапидан кейин ўйланиб қолади. Бунча пулни тезда топишнинг имкони йўқ эди-да! Шундай бўлса-да, саломатлигини ўйлаб, пул топиш ҳаракатига тушади. Айтилган миқдордаги пулни топишнинг иложини қила олмагач, шифокорнинг тамагирлиги ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ор­ганга мурожаат қилишга мажбур бўлади.

Мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Жарқўрғон туман бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тадбир жараёнида А.Ҳамидов олдига шифо истаб келган бемордан талаб қилинган пулни олган вақтда ушланди.

Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди томонидан А.Ҳамидовга қилмишига яраша жазо тайинланди.

Манба: “Ҳуқуқ” газетаси

 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!