Самарқанд давлат тиббиёт институтига университет мақоми берилди

Самарқанд давлат тиббиёт институтига университет мақоми берилди

Президент Шавкат Мирзиёев «Самарқанд давлат тиббиёт университетини ташкил этиш ва соҳада кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорни имзолади, деб хабар беради ЎзА.

Қарорга мувофиқ Самарқанд давлат тиббиёт институтини Самарқанд давлат тиббиёт университети этиб қайта ташкил этишга розилик берилган.

Шунингдек, университет таркибида қуйидагилар ташкил этилади:

— Самарқанд вилояти, Самарқанд тумани, «Ўрташиқ» қишлоғида жойлашган Самарқанд вилояти саломатликни тиклаш шифохонаси негизида Самарқанд давлат тиббиёт университети ҳузуридаги Реабилитология ва спорт тиббиёти илмий-тадқиқот институти;
— Самарқанд давлат тиббиёт институтининг биринчи ва иккинчи клиникалари негизида Самарқанд давлат тиббиёт университетининг кўп тармоқли клиникаси ва Самарқанд давлат тиббиёт университети ихтисослашган болалар хирургик клиникаси;
— Республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт марказининг Л.М.Исаев номидаги филиали ва унинг клиникаси негизида университет ҳузуридаги Л.М.Исаев номидаги Микробиология, вирусология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-тадқиқот институти ва унинг клиникаси;
— Самарқанд давлат тиббиёт университети ҳузуридаги Нейрохирургия ва нейрореабилитация ихтисослаштирилган илмий-амалий маркази;
— Самарқанд давлат тиббиёт университети ҳузуридаги Иммунология, аллергология ва инсон геномикаси илмий маркази.

Университетнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб узлуксиз тиббий-касбий таълим тизимида юқори малакали тиббиёт кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш; ўқув жараёнини амалий кўникмаларни шакллантиришга йўналтириш, халқаро таълим стандартларига асосланган илғор педагогик технологиялар, ўқув дастурлари ва инновацион ўқув-методик материалларни кенг жорий этиш, клиника ва ўқув базалари фаолиятида назарий билим ҳамда амалиётнинг уйғунлигини таъминлаш учун зарур шароитлар яратиш белгиланган.

Университет Самарқанд давлат тиббиёт институтининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари, шу жумладан, халқаро шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.

Самарқанд давлат тиббиёт институтида таҳсил олаётган талабалар университетда мос бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларида ўқишини давом эттиради ҳамда битирувчи курс талабаларига белгиланган тартибда давлат намунасидаги университет дипломи берилади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!