Ричард Брэнсон: Умид қиламанки, Украина ўз мақсадига эришади ва бу урушда ғалаба қозонади

Ричард Брэнсон: Умид қиламанки, Украина ўз мақсадига эришади ва бу урушда ғалаба қозонади

Маълум қилинганидек кеча британиялик миллиардер Ричард Брэнсон Украинага ташриф буюрди. У Украина президенти Владимир Зеленский, ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба ва бир гуруҳ украиналик тадбиркорлар билан суҳбатлашди ва улар билан жаҳон бизнес ҳамжамияти Украинага ёрдам бериш учун нима қилиши мумкинлигини муҳокама қилди.

Брэнсон дунёнинг энг йирик самолёти Ан-225 "Мрия" қолдиқларини кўриш учун Гостомел аэропортига жўнаб кетишдан олдин яқинда ракета зарбасига учраган болалар боғчаси жойлашган Киевдаги турар-жой ҳудудига ташриф буюрди.

Virgin Galactic асосчиси Ирпен ва Бучага ҳам ташриф буюрди, у ерда уруш вақтида ўлган тинч аҳолининг оммавий қабрлари, кўплаб вайроналар ва ишғол пайтида содир этилган жиноятларнинг бошқа далиллари топилган.

"Бу ҳужумлар тасодифий ҳам, ўзбошимчалик ҳам эмаслиги аниқ. Улар Украина тинч аҳолиси орасида террор ва қўрқув уйғотиш бўйича атайлаб қилинган стратегиянинг бир қисмидир", деди Брэнсон. "Умид қиламанки, бу даҳшатли ҳаракатларнинг россиялик жиноятчилари жавобгарликка тортилади".

Брэнсоннинг сўзларига кўра, у кўрган нарсалар унда тушкун таассурот қолдирди ва кучли ҳис-туйғуларга сабаб бўлди.

"2014 ва 2015 йиллардаги саёҳатларимдан Киевни жуда яхши эслайман. Бу гўзал пойтахтнинг улуғвор Днепр қирғоғида ҳайратланарли эски бинолари бор. Бироқ уруш излари ҳамма жойда кўриниб турибди. Россия авиацияси ва артиллерияси томонидан зарбага учраган турар-жой бинолари айниқса диққатни тортади".

Миллиардернинг Украинага ташрифидан мақсади Украинани энг юқори самарадорлик билан қўллаб-қувватлаш учун фуқаролик жамияти ва ҳукумат билан ҳамкорликда бизнес нима қилиши мумкинлигини аниқлаш истаги экани маълум қилинди.

Ташриф якунлари бўйича Украина президенти идорасидан берилган баёнотда, Брэнсон ва Зеленский Россиянинг Украинага бостириб киришига дунё эътиборини қаратишни муҳокама қилган.

"Миллиардер бизнинг давлатимизни, Украина суверенитети, ҳудудий яхлитлигини, шунингдек, Россия ва бу урушни қўллаб-қувватлаётган ва молиялаштирганларга нисбатан энг қаттиқ санкциялар қўлланилишини қатъий қўллаб-қувватлашини таъкидлади", — дейилади хабарда.

Президент идорасининг хабар беришича, Брэнсон Украинага қўлидан келганича ёрдам беришга тайёрлигини билдирган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!