Қўштепа канали 2030-йилга қадар Амударёдан сув олмайди
Афғонистон 2030 йилга қадар Қўштепа канали орқали Амударёдан тўлиқ ҳажмда сув олишни бошламайди. Бу ҳақда Ўзбекистон сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев 19 ноябрь куни ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.
Вазирнинг сўзларига кўра, канал қурилиши давом этмоқда. Ўзбекистон эса трансчегаравий сув ресурсларидан фойдаланиш масалалари бўйича Афғонистон томони билан доимий мулоқот олиб боряпти.
«Мен аввал ҳам мулоқот доимий равишда давом этаётганини айтганман. Ўтган ҳафта Афғонистон қишлоқ ва сув хўжалиги вазири ўринбосари бошчилигидаги делегация ташриф буюрди. Биз ҳам уларнинг олдига бориб турибмиз. Ҳозирча Қўштепа канали қурилиш босқичида. Ушбу канал орқали сув олиш масаласи ҳали узоқ йилларга чўзилади», — деди вазир.
У Афғонистон ҳам Амударё сувидан фойдаланиш ҳуқуқига эга эканини таъкидлади. Бироқ сув олиш ҳажми ва бошқа шартларни ҳали келишиб олиш зарур.
«Канал қурилиши якунланганидан сўнг қанча миқдорда сув олиниши ва бошқа масалалар бўйича битимлар имзолашга келишиб олганмиз», — деди Шавкат Хамраев.
Вазирнинг таъкидлашича, Ўзбекистон канал қурилиши жараёнини кузатиб бормоқда. Унинг фикрича, икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг яхшиланиши сув масалаларини ҳал этишда муҳим аҳамият касб этади.
Журналистлар Ўзбекистоннинг айрим ойларда Амударёдан олган сув ҳажми камайиши Қўштепа канали билан боғлиқ бўлиши мумкинми, деб сўрашди. Хамраев бу тахминни рад этди
«Бунинг Қўштепага ҳеч қандай алоқаси йўқ. Қўштепа ҳозирча бир челак ҳам сув олгани йўқ», — деди у.
Журналистлар сув олиш қачон бошланиши мумкинлиги ҳақидаги тахминий муддатларни айтишни сўраганида, вазир қуйидагича жавоб берди:
«Қурилиш якунланганидан кейин сув олишни бошлашади. Балки, 2050 йилда ҳам бошалши мумкин. Аммо 2030 йилгача сув олмаслиги аниқ».
