Қозоғистон Африкага ўз ҳарбийларини юборади

Қозоғистон Африкага ўз ҳарбийларини юборади

Қозоғистон парламенти президент Қосим-Жомарт Тоқаевнинг Қозоғистон Қуролли кучларининг тинчликпарвар контингентини БМТнинг Марказий Aфрика Республикаси, Конго, Мали ва Ливандаги миссияларида иштирок этиш учун юбориш тўғрисидаги таклифини маъқуллади, деб ёзади Orda.kz.

“Баҳолаш ва танлаш бир неча босқичдан иборат. Қозоғистондан биз БМТга бешта бўлинма тақдим этдик. Уларнинг барчаси турли даражадаги тайёргарликка эга. Биз бўлинмаларимизни дарҳол эмас, балки сўров бўйича юборамиз. Миссияни бажаришга тайёрлигимизга қараб баҳо берамиз”, деди мудофаа вазири Руслан Жаксиликов.

Қозоғистон штаб офицерлари ва ҳарбий кузатувчилар сифатида алоҳида ҳарбий хизматчиларни, шунингдек, БМТ миссияларида талаб юқори бўлган ихтисослаштирилган бўлинмаларни: пиёдалар, тиббиёт, разведка, ҳарбий полициянинг муҳандислик бўлинмаларини ажратишга тайёр.

400 га яқин қозоқ ҳарбийлари қуйидаги миссияларда қатнашади:

— Марказий Aфрика Республикасида БМТнинг кўп тармоқли интеграциялашган барқарорлаштириш миссияси (MINUSCA);

— Конго Демократик Республикасида БМТнинг барқарорлик миссияси (MONUSCO);

— БМТнинг Малидаги кўп тармоқли интеграциялашган барқарорлаштириш миссияси (MINUSMA);

— БМТнинг Ливандаги вақтинчалик кучлари (UNIFIL) миссияси.

Маълумот учун, 2014 йилдан буён 45 нафар қозоғистонлик офицер БМТнинг Ғарбий Саҳара, Кот-д'Ивуар ва Ливандаги миссияларида ҳарбий кузатувчи ва штаб офицерлари сифатида қатнашди. 2018 йилдан буён 520 нафар қозоғистонлик ҳарбий хизматчи БМТнинг Ливандаги муваққат кучлари миссиясида тинчликпарвар бўлинмалар таркибида бўлган. Бугунги кунга қадар 6 ва 9 нафар қозоғистонлик ҳарбий хизматчилар Ғарбий Саҳрода БМТ миссияларида ва Ливандаги вақтинчалик кучларда хизмат қилмоқда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!