Қосим Сулаймонийнинг тобути Эронга олиб келинди

Қосим Сулаймонийнинг тобути Эронга олиб келинди

3 январь куни Бағдодда АҚШ ҳарбийлари томонидан ўлдирилган эронлик генерал Қосим Сулаймонийнинг танаси солинган тобут 5 январь куни ватанига олиб келинди. Бу ҳақда ISNA агентлиги хабар тарқатган.

«Жафокаш генерал Қосим Сулаймонийнинг жасади Эронга етказилди», — дея қайд этилган агентлик хабарида.

Тобут Ироқдан Эрон жануби-ғарбидаги Аҳваз шаҳрига олиб келинган. Бу шаҳарда минглаб кишилар генерални сўнгги йўлга кузатиш учун кўчаларга чиқишган. Шаҳардаги барча мактаблар ва университетлар, маъмурий муассасалар бинолари ёпилган.

Марҳум билан видолашиш маросимлари Аҳваздан ташқари Машҳадда ва Теҳронда ўтказилади. Сешанба куни уни она шаҳри Кирмонда дафн этишади.

Эроннинг ташқи сиёсатидаги бош стратеги, Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг махсус бўлинмаси «Ал-Қудс» қўмондони, амалда Эронда оятуллоҳ Али Хоминаийдан кейинги иккинчи одам саналган Қосим Сулаймоний 3 январь куни Бағдоддаги аэропорт ҳудудида америкалик ҳарбийларнинг дрон орқали берган ракета зарбалари оқибатида ҳалок бўлди.

Бу ҳужум АҚШ президенти Дональд Трампнинг фармойишига биноан амалга оширилди. Президент Сулаймоний дунёнинг биринчи рақамли террорчиси бўлгани ва миллионлаб кишиларнинг ўлими учун жавобгарлигини айтиб ўтди. У Сулаймонийнинг ўлдирилиши урушнинг бошланиши эмас, урушнинг якунланиши бўлганини қайд этиб ўтди.

Эрон томони генералнинг ўлими учун «қўрқинчли қасос» олинишини маълум қилган.

4 январь куни америкаликларнинг Ироқ пойтахтидаги ҳарбий базаси ҳамда АҚШ элчихонаси жойлашган «яшил ҳудуд»га ракета зарбалари йўлланди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!