Қашқадарёда блогер калтакланди. Нега?

Қашқадарёда блогер калтакланди. Нега?

"Yakkabog'24" телеграм канали қуйидаги материални чоп этди.

"Мамлакатимизда ҳам карантин қоидалари жорий этилди. Меҳрибон ва саҳоватпеша халқимиз қийналган юртдошларига имкониятларидан келиб чиқиб кўмаклашаётир. Кимдир маҳсулот тарқатмоқда, баъзилар молиявий жиҳатдан ёрдамлашмоқда. Туманимиз аҳолиси ҳам ушбу кунларда бир четда қараб тургани йўқ. Ёрдам қўлини чўзмоқдалар.

Кеча эрталаб “Автоблогуз” телеграм канали блогери Мақсуд Музаффаров ва Санжар Абдуллаев исмли тумандошимиз айрим кўнгилли ҳайдовчилар билан бирга ушбу қийинчилик кунларда аҳолига кўмаклашиш мақсадида хайрия акциясини йўлга қўйишмоқчи бўлибди. Унга кўра, Яккабоғ шаҳридаги туман Тиббиёт бирлашмасига қарашли Кўп тармоқли марказий поликлиника 1-филиали, туман туғруқ бўлими (роддом), Шошилинч тез тиббий ёрдам бўлими ва бошқа бўлимлар жойлашган “тиббий шаҳарча” дарвозасидан “Истиқбол” деҳқон бозори ва Яккабоғ шаҳри маҳаллаларига бепул қатнов акциясини жорий этишибди. Бу акцияни ёритишимизни сўраб телеграм орқали маълум қилишди.

Акцияни ёритиш мақсадида ўша жойга бордик. Лекин борганимизда дилни хира қиладиган вазият устидан чиқдик! Акция иштирокчиларига айрим “тадбиркорлар” ўзларини ширкат эгаси, деб таништириб қаршилик қилмоқда экан. Кейин билинишича, шифохонадан бозорга қадар алоҳида қатнов линияси жорий этиб олишган экан. (Тағин билмадик! Зеро, қанчадан қанча ноқонуний ишларни ёритишимизга қарамай охирида “қонуний” деб топилмоқда! Фақат масала интернетда ёйилиб, Юртбошимизга етгандагина асл моҳияти очилмоқда!)

Яккабоғ туманидаги автоуюшмаларнинг ноқонуний ишлари юзасидан кўп бора мутасаддиларга мурожаат қилганимизга қарамай улар панжа орасидан қараб келган. Шунинг учун “Шифохона-“Истиқбол” деҳқон бозори” қатновининг автоуюшмаси ҳужжатлари билан танишиб ўтирмадик. (Туман раҳбарлари аввалги мурожаатларни очиқ қолдирган.) Лекин “акция”нинг қизиқ натижаси кейин маълум бўлди!

“Истиқбол” деҳқон бозори яқинида блогер Мақсуд Музаффаров билан суҳбатлашиб турганимизда ўзини уюшма эгалари деб таништирган 10 дан ортиқ аёл-у эркак бизни ўраб олишди. Уларнинг “тинчгина” бизнесларига хавф солганимизни айтиб, дўппослаб кетишди. Яхши инсонларнинг кўмаги билангина қутулиб қолдик.

Яккабоғда оилавий зўравон гуруҳлар пайдо бўлганми?

Ҳолат юзасидан Яккабоғ туман прокуратураси, ИИБ, давлат Солиқ инспекцияси ва Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази суриштирув олиб боришини,  ноқонуний фаолиятларга барҳам беришини, бизга зўравонлик қилганларга чора кўришларингизни  сўраб қоламиз".


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!