Прага ЕИда “Озодлик Радиоси”нинг келажагини муҳокама қилмоқчи

Чехия ташқи ишлар вазири Ян Липавский 17 март куни европалик ҳамкасблари билан учрашувда “Озод Европа Радиоси”/“Озодлик Радиоси”нинг фаолиятини давом эттириш масаласини кўтармоқчи.
Доналд Трамп маъмурияти ушбу радиостанцияни молиялаштиришдан маҳрум қилган эди.
"Бундай эшиттиришларнинг давом этиши Европа манфаатларига жавоб беради. Бизга қўшни ҳудудларда тоталитаризмнинг гуллаб-яшнашига йўл қўймаслигимиз керак", — дея таъкидлади Липавский.
AFP ахборот агентлиги хабарига кўра, Оқ уй АҚШдан ташқаридаги аудитория учун эшиттириш олиб борувчи Америка оммавий ахборот воситаларининг юзлаб ходимларини маош тўланмайдиган таътилга чиқарган. Бу, аввало, “Америка овози” ва “Озодлик радиоси” фаолиятига таъсир кўрсатди.
“Озодлик радиоси” раҳбари Стивен Капус давлат томонидан молиялаштириш тўхтатилганини тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, бу 75 йилдан бери фаолият юритиб келган медиакомпания эшиттиришларининг тўхтатилишига олиб келади.