PISA 2022 натижалари асосида «йўл хариталари» тайёрланади
✅ Бугун Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова раҳбарлигида PISA 2022 натижалари, таълим сифатини ошириш, педагоглар маҳоратини юксалтириш, шунингдек, PISA 2022 жараёнларига тайёргарлик кўриш масалаларига бағишланган танқидий-таҳлилий йиғилиш бўлиб ўтди.
❗️Унда вазирлик масъуллари ва барча ҳудудий бошқармалар раҳбарлари иштирок этишди. Тадбир аввалида ҳудудий бошқармалар раҳбарларининг 2023 йил якунларига бағишланган ҳисоботи ҳамда кейинги йилга режалаштирилган лойиҳалари ҳақидаги ахбороти тингланди.
✔️Шундан сўнг, PISA 2022 натижалари тўғрисида таҳлилий тақдимот бўлиб ўтди. Унда ўзбекистонлик ўқувчилар томонидан қўлга киритилган натижалар ҳудудлар кесимида таҳлил қилиниб, керакли тавсиялар берилди.
➖ Ҳар биримиз бу тадқиқотлар асосида турган нуқтамизни яхшироқ тушунишимиз ва бундан кейинги ҳаракатни шунга қараб амалга оширишимиз лозим. Бу йилги натижаларимиздан келиб чиққан ҳолда 2025 йилги тадқиқотларга ҳозирдан жиддий тайёрланиш зарур.
Хабарингиз бор, хорижлик экспертлар ва ўзимизнинг малакали мутахассислардан иборат ишчи гуруҳ тузилган. Уларнинг тавсиялари ва барча ҳудуд раҳбарлари таклифлари асосида биринчи навбатда ҳар бир туман кесимида «йўл хариталарини» ишлаб чиқамиз.
Бу ўқитувчилар ва ўқувчиларимизни тайёрлаш ҳамда натижаларимизни яхшилашга ёрдам беради, – деди Ҳилола Умарова.
🔴 Маълумот учун: айни дамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан ҳамкорликда ОЭCД ташкилотининг расмий сайтида ўзбек, қорақалпоқ ва рус тилларида намунавий саволлар жойлаштирилган бўлиб, унда ўқувчилар ўз билимларини синаб боришлари мумкин.
Шунингдек, вазирлик томонидан PISA тадқиқотлари йўналишида махсус платформа йўлга қўйилиши ҳамда уни янада такомиллаштириш юзасидан ҳудудлардан таклиф ва тавсиялар олиниши маълум қилинди.
