Пентагон: АҚШ Эроннинг эҳтимолий ҳужумига тайёр

Пентагон: АҚШ Эроннинг эҳтимолий ҳужумига тайёр

АҚШ мудофаа идораси (Пентагон) Яқин Шарқдаги вазият «жуда жиддий», аммо АҚШ Эроннинг Исроилга қарши эҳтимолий ҳужумига «тайёр» эканини маълум қилди.

Кундалик брифингда Пентагон матбуот котиби Патрик Райдер «Яқин Шарқдаги вазият жиддий» эканлигини таъкидлади, шунинг учун Пентагон раҳбари Ллойд Остин минтақага қўшимча мудофаа қуроллари ва ўқ-дориларини юборишни буюрди.

У, шунингдек, Эрон шу ҳафта Исроилга ҳужум қилиши мумкинлигини таъкидлади.

«Мен улар қачон ҳужум қилишини башорат этишга ёки тахмин қилишга уринмайман, фақат шуни айтмоқчиманки, биз (эҳтимолий ҳужумга) жиддий қарашимиз керак. Шунинг учун биз тайёр бўламиз», - деди Райдер.

АҚШ вазиятни юмшатиш, ўз кучларини ҳимоя қилиш ва Исроил мудофаасини қўллаб-қувватлашга интилмоқда, деди у.

Райдернинг таъкидлашича, минтақада ҳеч ким «қарама-қаршилик кучайишини истамайди ва мавжуд вазият минтақавий можарога айланиб кетишини хоҳламайди».

«Дипломатиянинг ишлаши учун ҳар доим вақт бор», деди Райдер ва АҚШ «бу имкониятлардан фойдаланиши керак бўлган вазиятга тушиб қолмаслигига» умид билдирди.

«Агар биз Исроилни ҳимоя қилиш учун ундан фойдаланишимиз керак бўлса, буни қиламиз», деди у.

Пентагон матбуот котибининг қўшимча қилишича, Қўшма Штатлар «кенгроқ минтақавий можарони тўхтатишга, Эрон ўч олиш ва потенциал катта куч ишлатиш билан таҳдид қилаётган ўта кескин вазиятда Яқин Шарқда минтақавий урушнинг олдини олишга ва Исроилни ҳимоя қилишга ёрдам беришга уринмоқда».


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!