Нақд пуллар бутунлай муомаладан чиқариладими? Марказий банк жавоби

Нақд пуллар бутунлай муомаладан чиқариладими? Марказий банк жавоби

2020 йил давомида муомалага чиқарилган нақд пуллар ҳажми 1,6 трлн сўмга ёки 5,8 фоизга кўпайди. Бу ҳақда Марказий банкнинг Нақд пул муомаласи департаменти директори Фазлиддин Бозоров маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда нақд пулсиз, жумладан, банк карталари орқали ҳисоб-китоблар ҳажми ортиб бормоқда ва бу нақд пулдан фойдаланиш камайиб бораётганини билдирмайди.

“Мисол учун, 2020 йил давомида муомалага чиқарилган нақд пуллар ҳажми 1,6 трлн сўмга ёки 5,8 фоизга кўпайди. Қолаверса, 2020 йилда банклар кассаларига келиб тушган нақд пуллар ҳажми 179,9 трлн сўмни ташкил этиб, 2019 йилга нисбатан 26 фоизга кўпайган бўлса, банклардан 180,2 трлн сўмлик нақд пуллар берилди ва бу кўрсаткич олдинги йилга нисбатан 25 фоизга ошди.

Яна бир кўрсаткичга эътибор қаратсак, 2020 йилда савдо ва пуллик хизматлардан банкларга тушумлар таркибида 85,6 трлн сўми ёки 58,4 фоизи нақд пулдаги тушумлар ҳиссасига тўғри келиб, 2019 йилга нисбатан 1,6 фоизли бандга кўпайган.

Ушбу кўрсаткичларга қараб, “нақд пуллардан фойдаланиш камайиб бормоқда” дейиш қанчалик тўғри бўлмаслигини англаб олиш мумкин”, дейди Марказий банк вакили.

Қайд этилишича, 2017 йилда 50 000 сўмлик, 2019 йилда 100 000 сўмлик банкнотларнинг муомалага чиқарилиши ортидан кичикроқ қийматдаги банкнотлар ўрнини йирик қийматдаги пуллар эгаллаши ҳисобига муомаладаги банкнотлар сони сезиларли миқдорда камайди.

“Мазкур ҳолат аҳолига ва тадбиркорлик субъектларига нақд пуллар билан ҳисоб-китобларни амалга ошириш, уларни олиб юриш, сақлаш учун қулайликлар ортиб бораётганини билдиради.

Нақд пул соҳасидаги халқаро экспертлар фикрига кўра, 2020 йилда Европа иттифоқи мамлакатларида ҳам нақд пулга бўлган талаб сезиларли даражада ошган. 2020 йил 9 ойида муомалага чиқарилган нақд пуллар ҳажми Европада 10,6 фоизга кўпайган бўлса, бу кўрсаткич АҚШда – 14,6 фоизни, Хитойда – 7,9 фоизни, Ҳиндистонда – 23,1 фоизни ташкил этган.

Нақд пуллардан воз кечиб, ҳисоб-китобларни нақдсиз кўринишда амалга оширишга ўтишнинг афзалликлари кўп, энг асосийси, иқтисодиётда пул айланиши тезлашади.

Бундай жараён табиий равишда ҳамда ҳукумат қўллаб-қувватлаши орқали аҳолига қийинчилик туғдирмаган ҳолда рўй бериши, босқичма-босқич жорий этилиши мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Масалан, дастлаб коммунал тўловларни фақат нақдсиз шаклда тўлаш, айрим йирик савдо ва умумий овқатланиш корхоналари томонидан тўловларни фақат банк карталари орқали қабул қилиш каби тартибларнинг жорий этишлари секин-аста саволда қўйилган жараёнга етаклаши мумкин.

Швеция давлати нақд пуллардан воз кечиш сиёсатини 2015 йилда бошлаган бўлиб, бугунги кунда ушбу давлатда ресторанлар, дорихоналар ва савдо корхоналари тўлов учун нақд пулларни қабул қилишни рад этиш ҳуқуқига эга. Айрим оммавий ахборот воситаларида Нью-Йорк шаҳридаги бир қатор савдо корхоналари ва ресторанлар тўловларни фақат нақдсиз кўринишда қабул қилишни тажриба тариқасида қўллаб кўриши баъзи аҳоли вакилларининг эътирозларига сабаб бўлаётгани ёзилмоқда.

Энди Ўзбекистон мисолида шу жараённи тасаввур қилиб, хулоса қилиб кўринг-чи, бунинг учун бизда етарли шарт-шароит мавжудми, аҳоли дунёқараши шаклланганми? Оддийгина мисол, мамлакатимизда ойлик иш ҳақини ва пенсия тўловларини банк карталари орқали тўланишига эътироз билдирувчи фуқаролар кўплаб топилади”, дейди Фазлиддин Бозоров.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!