«Ким экан?» лойиҳасининг асосчиси Бахтиёр Сафаров Алишер Узоқовнинг ўрнига бошқа бошловчи оладими?

«Ким экан?» лойиҳасининг асосчиси Бахтиёр Сафаров  Алишер Узоқовнинг ўрнига бошқа бошловчи оладими?

Ижтимоий тармоқларда актёр Алишер Узоқовнинг хорижга кетаётгани ҳақида гап-сўзлар тарқалди. Узоқов бошловчилик қилаётган «Ким экан?» шоу-дастури ҳам тўхтатилаётгани маълум бўлди. «Дарё» мухбири Наргиза Муродова гап-сўзларга ойдинлик киритди..

«Зирапча», «Мен ва сен» реалити-шоулари, «Қадам» ва «Мени асра» каби сериаллари билан томошабинларга яхши таниш бўлган режиссёр Бахтиёр Сафаров «Ким экан?» лойиҳасининг ҳам асосчиси ҳисобланади. Хўш, у охирги уч ой ичида юртимиз телеканаллари орасида энг юқори рейтингни эгаллаган кўрсатувининг тўхтатилишига қандай муносабат билдиради?

— Шу кунгача суратга олган кўрсатувларимнинг барини маълум танаффуслар билан эфирга берганман. Томошабин «тўйиб қолса» ундан камчилик излашни ёки эътибор бермасликни бошлайди. Шу боис аввалдан «Ким экан?» лойиҳасини ҳам узоқ вақт давом этишини режалаштирмаганман. Алишер ака сафарга кетадиган бўлди ва иштирокчилар билан боғлиқ муаммоларга учрай бошладик.

Тан олиш керак, кейинги пайтларда ўзбек санъатида жон бериб ижод қилаётган ижодкорлар узоғи билан 20 тани ташкил этади. Деярли хит бўладиган қўшиқлар ҳам жуда кам. Шу боис камида 20 йил аввал ижод қилган, қўшиқлари ва хатти-ҳаракатлари билан томошабинларга яхши таниш бўлган ижодкорларнинг ҳаммаси ҳам бундай лойиҳаларда иштирок этишни исташмайди. Чунки уларнинг кўпчилиги қуда-андали, оила боши бўлгани учун ёшларбоп лойиҳалар бачканадек туюлиши мумкин. Шу кунгача 15 та кўрсатув суратга олган бўлсак, уларда жами 90 та санъаткор ниқоб остида чиқиш қилишди. Охирги кўрсатувларда «Қайси санъаткорни таклиф этмадик?» деб ўйланиб қолдик. Ёш ижодкорлар кўп, аммо ҳакамлар ҳайъати 4-5 йил ижод қилган хонандаларни ҳам танишмади.

Актёр Алишер Узоқов кўрсатувга бошқа бошловчи таклиф этилса, қарши бўлмаслигини айтди. Режиссёр Узоқовнинг ўрнига ким билан ҳамкорлик қилиши мумкин?

— Буни ҳаёлимга ҳам келтирмайман. Чунки бошловчининг ўзгариши кўрсатув рейтингига ҳеч қачон ижобий таъсир этмайди. Ҳар битта кўрсатувнинг ўз юзи бўлиши керак. «Зирапча» кўрсатуви суратга олинаётганда Райҳон Уласенова Туркияга ижодий сафар билан кетадиган бўлди. Шунда вақтинчалик бошловчини ўзгартиришни ҳам таклиф қилишди. Аммо мен Райҳон Уласенова Ўзбекистонга қайтишини кутдим. «Ким экан?» кўрсатувини Алишер Узоқов қайтгачгина суратга оламиз, агар режалар ўзгарса, кўрсатувга қайта мурожаат этмайман. Яъни у бу шаклда суратга олинмайди.

Бошқа хусусий телеканалларда ҳам «Ким экан?» шаклидаги кўрсатувлар «(Ўғирланган ниқоб» ва «Парда ортида») намойиш этиляпти. Бу шунчаки тасодифми ёки ижодкорлар бир-биридан илҳомланишганми?

— Аслида бу оригинал ғоя эмас. Ниқоб билан боғлиқ кўрсатувлар хорижнинг 40 дан зиёд давлатларида намойиш этилган. Бу лойиҳани телеканалларимизда эфирга беришни январь ойида ният қилгандим. Саҳна декорацияларига буюртма бергач, бошқа телеканалда ҳам шунга ўхшаш лойиҳа ҳақида эълон берилаётганини эшитдик. Афсуски, у пайтда бизнинг канал ҳам, улар ҳам ортга қайтолмасди. Шу боис шаклан бир-бирига ўхшаш лойиҳа деярли бир вақтда эфирга кетди. Аммо ҳаммасининг ўзига яраша кузатувчиси бор, — дейди режиссёр Бахтиёр Сафаров.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!