Интернет орқали гиёҳвандлик воситаларини сотганларга жавобгарлик кучайтирилмоқда

Интернет орқали гиёҳвандлик воситаларини сотганларга жавобгарлик кучайтирилмоқда

Статистик маълумотларга кўра, дунёда 500 миллиондан ортиқ одам гиёҳвандлик дардига йўлиққан. Унинг аксарият қисмини 30 ёшгача бўлганлар ташкил этмоқда.

Мамлакатимизда гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ва психотроп моддалар, шунингдек, кучли таъсир қилувчи моддалар қонунга хилоф равишда муомалада бўлишига қарши курашиш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Аммо шунга қарамай, бугунги кунда гиёҳвандлик воситаларини Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали амалга ошириш, бундай воситаларни тарқатиш ва реклама қилишнинг янги усулларидан фойдаланиш кескин ортмоқда. Ноқонуний ташкил этилган интернет-дўкон манзили ҳақида маълумот девор ва йўлакларга чизиш орқали тарқатилмоқда. Шунингдек, уларни истеъмол қилиш билан боғлиқ жиноятларга ёшларни, айниқса, вояга етмаганларни жалб қилиш ҳам кўпайиб бормоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар, шунингдек, кучли таъсир қилувчи ва заҳарли моддаларнинг қонунга хилоф равишда муомаласига қарши курашишга қаратилган қонун лойиҳаси учинчи ўқишда кўриб чиқилди. Мазкур қонун лойиҳаси билан гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни телекоммуникация тармоқлари ва Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб қонунга хилоф равишда муомалага киритганлик, ушбу жиноятларни вояга етмаганларни жалб қилган ҳолда содир этганлик учун жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда.

Шунингдек, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар, кучли таъсир қилувчи ва заҳарли моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда олиш, сақлаш, ташиш ёки жўнатиш учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланмоқда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!