Ҳиндистон ҳукумати ижтимоий тармоқлар назоратини кучайтирди

Ҳиндистон ҳукумати ижтимоий тармоқлар назоратини кучайтирди

Ҳиндистон ҳукумати стримминг сервислари ва ижтимоий тармоқларга фуқаролар ҳамда давлат органлари шикоятлари назоратини олиб бориш бўйича қоидаларни жорий қилди. Бу ҳақда The Times of India хабар берган.

Янги қоидаларга кўра, ижтимоий тармоқлар ҳукуматнинг ваколатли органи ёки суд талаби билан хабарнинг бирламчи манбасини ошкор қилиш мажбуриятини олади. Бу қоида фақат Ҳиндистон суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига хавф солувчи хабарлар, давлат хавфсизлиги, жамоат тартиби, Ҳиндистоннинг халқаро муносабатларига алоқадор ахборотлар ёки зўрлаш ёхуд беҳаёликни тарғиб қилишга алоқадор контентларга нисбатан татбиқ этилади.

Интернетдаги бу каби контентларни тартибга солишда уч босқичли назорат тизими жорий этилади.

Ижтимоий тармоқларнинг маъмурлари платформаларда қонунчилик талабларига риоя этилишини назорат қилиш бўйича масъул тайинлаши лозим, у Ҳиндистон фуқароси бўлиши мумкин. Шу билан бирга келиб тушаётган шикоятлар учун масъул шахс бириктирилиб, у уларнинг 24 соат давомида қабул қилиниши ва кўриб чиқилишини таҳлил қилади.

Компанияларда мурожаатлар билан боғлиқ маълумотларни доимий равишда администрацияга тақдим қиладиган масъул ҳам бўлиши лозим. Масъулларнинг боғланиш манзиллари, қабул кунлари ва тартиби компания сайтида эълон қилиниши шарт.

Иккинчи босқичда интернет-платформалар устидан тушган шикоятлар назорат органи томонидан ўрганилади, ушбу идорани катта судья ёки обрўга эга бошқа бир амалдор бошқаради. У ижтимоий тармоқлар ва муҳарририятлар учун тавсиялар ишлаб чиқади.

Учинчи босқичда хабарларни Ахборот вазирлиги назорат остига олади.

Шунингдек, қоидаларда масъул шахслар шикоятларга жавоб берадиган ёки баҳсли ахборотни блоклайдиган муддатлар ҳам белгилаб қўйилган.

Мавзуга доир: Дуров Telegram’да ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳақида маълумот берувчи каналларни блоклади

Аввал Ҳиндистондаги норозилик намойишлари фонида ҳукумат талабига биноан Twitter юзлаб аккаунтларни блоклаб қўйгани хабар қилинганди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!