Фирибгарлик: “Кобалт”ни навбатсиз олиш қимматга тушди
2020 йилнинг 3 февраль куни жиноят ишлари бўйича Кармана туман суди биносида ўтказилган очиқ суд мажлисида судланувчи М.Фармоновага нисбатан ҳукм ўқилди. Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Кармана туман суди судьяси Алишер Сайдуллаев "ANIQ.UZ" га маълум қилди.
1987 йилда Самарқанд вилояти Пахтачи туманида туғилган Муқаддас (исм ўзгартирилган) жиноят қилмишига кўра, у 2019 йил январь ойида Фаёз билан танишиб қолади ва шу йилнинг февраль ойида Фаёзни туғилган куни бўлганлиги сабабли уни яшаш хонадонига боради. Шунда Фаёзнинг опаси Нодира “Кобалт” русумли автомашина олмоқчи бўлиб юрганини билиб, алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан осон пул топишни мақсад қилади ва Нодирага ўзини “Зарина” деб таништириб, “Кобалт”ни фоизсиз ва муддатидан олдин чиқариб беришини, ўзи эса Самарқанд вилояти Пахтачи туманида адвокат бўлиб ишлашлигини, танишлари борлигини айтиб, Нодирани ишончига киради. Шундан сўнг 2019 йил июль ойида Муқаддас 4200 АҚШ доллари ҳамда 51 млн. сўм миқдоридаги нақд пулларни Нодирадан фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, ўзининг шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборади.
М.Фармонова учун ҳаммаси жуда оддий ва осон кечган эди. Аммо қаъбих иш жазосиз қолмайди. М.Фармоновага нисбатан олиб борилган тергов ҳаракатларида аниқланган ҳолатга кўра, у фирибгарлик, яъни Ўзбекистон Республикаси ЖК 168-моддаси 3-қисмининг “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этади. М.Фармонова суд муҳокамасида айбига тўлиқ иқрор бўлиб, қилган ишидан чин кўнгилдан пўшаймондалигини, турмуш ўртоғи вафот этган бўлиб, қарамоғида икки нафар вояга етмаган фарзандлари борлигини билдиради.
Суд, М.Фармоновани айбига тўлиқ иқрор бўлиб, қилган ишидан чин кўнгилдан пўшаймондалигини, турмуш ўртоғи вафот этган бўлиб, қарамоғида икки нафар вояга етмаган фарзандлари борлигини инобатга олиб, ЖК 57-моддасини қўллаб, 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди ҳамда тегишли маъмурий ҳудуддан ташқарига чиқмаслик ва спиртли ичимлик истеъмол қилмаслик каби чекловлар белгиланди.
