Фаррух Зокиров Озарбайжон халқ артисти унвонига сазовор бўлди

Фаррух Зокиров Озарбайжон халқ артисти унвонига сазовор бўлди

Куни кеча пойтахтдаги Форумлар саройида Ўзбекистон ва Озарбайжон президентларининг фахрий унвонларни бериш тўғрисидаги тегишли фармонларига кўра, Фаррух Зокировга Халқ артисти ва Полад Бюлбюлоғлига Ўзбекистон Республикаси халқ артисти фахрий унвонларини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.

Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти администрациясининг ижтимоий ривожланиш департаменти раҳбари Одил Абдураҳмонов фармонларни ўқиб эшиттирди ҳамда Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков ва Озарбайжон маданият вазири Адил Каримли томонидан фахрий унвонлар тантанали топширилди.

Фаррух Зокиров Озарбайжон халқ артисти унвонига сазовор бўлди

Фото: “Дарё” / Нуркен Турсунов

Фаррух Зокиров Озарбайжон халқ артисти унвонига сазовор бўлди

Фахрий унвонлар топширилгандан сўнг, тадбирга таклиф этилган маданият ва санъат соҳаси вакиллари сўзга чиқиб, икки қардош халқ санъаткорларини олқишлади.

Фаррух Зокиров Озарбайжон халқ артисти унвонига сазовор бўлди

Фото: “Дарё” / Нуркен Турсунов

Тадбир давомида сўнгги йилларда Ўзбекистон билан Озарбайжон ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳалар қатори маданият ва санъат соҳасида ҳам мустаҳкамланаётганлиги, дўстлик ва ҳамкорлик алоқалари жадал ривожланиб, мутлақо янги босқичга кўтарилаётганлиги таъкидланди.

Фаррух Зокиров Озарбайжон халқ артисти унвонига сазовор бўлди

“Биз бугун шундай шарафга муяссар бўлдик, дўстим Ўзбекистон халқ артисти унвонига сазовор бўлди. Бироз ҳазил қилиб айтаманки, биз азалдан дўст тутинганмиз, бироқ энди янада яқин бўлдик, бўйларимиз тенглашгандек бўлди. Мен бундан фахрланаман, бу мен учун катта шараф. Илгари ҳам кўп айтганман, бизни кўп ришталар боғлаб туради. Мана оддий мисол: менинг оилам, ота-онам, Поладнинг ота-онаси... Менинг отам ва унинг отаси битта педагогдан таҳсил олган ва унинг буюк отаси Тошкентга гастролга келганда биргаликда опера ижро этишган. Отам иккинчи партияни куйлаганди. Биз бу ажойиб анъаналарни, акам Ботир Зокиров бошлаган дўстликни давом эттиряпмиз. Озарбайжонда шундай ҳамкасбим борлигидан фахрланаман. Биз кўпроқ мусиқа, дўстлик, санъат ҳақида суҳбатлашамиз”, дейди Фаррух Зокиров.

“Мен биродарим Фаррухнинг сўзларига қўшимча қилиб айтмоқчиманки, ота-оналаримиз дўст эдилар. Мен Ботирдан кичикроқ эдим. Бутун дунё унинг “Араб тангоси”дан завқ оларди. Мен ҳам куйлай бошлаганимда, кўп учраша бошладик, Москвадаги тасвирга олиш жараёнларида бирга қатнашардик ва энди бу дўстлик ришталарини Фаррух билан кўп йиллардан бери давом эттиряпмиз — бу жуда қадрли. Бугун Ўзбекистон-Озарбайжон муносабатлари ниҳоятда юқори даражада. Бунинг учун президентларимиз Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиевга улкан раҳматлар айтишимиз керак”, деди ўз нутқида Полад Бюлбюлоғли.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!